Мустақиллик байрамида поезд, автобус ва самолётларда қўшимча рейслар амалга оширилади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги кунларида мамлакат бўйлаб саёҳат қилмоқчи бўлганлар учун поезд, автобус ва самолётларда қўшимча қатновлар ташкил этилади. Бу ҳақда Туризм вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, темир йўл транспортида “Тошкент – Хива – Тошкент”, “Тошкент – Қўнғирот – Тошкент”, “Тошкент – Шовот – Тошкент”, “Тошкент – Термиз – Тошкент” ҳамда “Тошкент – Сариосиё – Тошкент” йўналишларида ҳаракатланувчи поездларга 4 тагача қўшимча вагон уланади.

Шунингдек, “Тошкент – Самарқанд – Тошкент”, “Тошкент – Бухоро – Тошкент” ва “Тошкент – Урганч – Тошкент” йўналишларида юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларнинг қўшимча қатновлари йўлга қўйилади. Улар байрамдан икки кун олдин бошланиб, байрамдан кейинги икки кун давомида ҳам сақлаб қолинади.

Автомобиль транспортида эса вилоятлараро барча йўналишларда қўшимча автобус қатновлари ташкил этилади. Хусусан, Тошкентдаги Жанубий темир йўл вокзали ҳудудида вилоятлараро автобуслар учун захира тўхташ жойи ажратилади.

Байрамдан камида уч кун олдин “Тошкент – Самарқанд – Бухоро – Урганч – Нукус” йўналишларида ҳаракатланувчи автобуслар ушбу ҳудудга жойлаштирилади.

Ҳаво транспортида ҳам қўшимча қатновлар амалга оширилади. Байрамдан камида икки кун олдин “Тошкент – Урганч”, “Тошкент – Нукус”, “Тошкент – Бухоро” ва “Тошкент – Термиз” йўналишларида қўшимча авиарейслар йўлга қўйилади.

Қайд этилишича, ушбу чоралар байрам кунларида аҳолининг мамлакат бўйлаб саёҳат қилиш имкониятларини кенгайтириш ва тарихий, маданий ҳамда табиий туристик масканларга ташрифлар учун қулай шароит яратишга қаратилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг