Мусаев, мармар гўшт ва 90 млн можароси. Тоштемиров номи Интерпол қидирувидан ғойиб бўлди
3-саҳифа
−
23 июл 10963 4 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг собиқ ходими – Ички ишлар вазирлиги сўрови билан Интерпол орқали халқаро қидирувга берилган Азизбек Тоштемировнинг номи халқаро қидрувдаги шахслар рўйхатидан сирли равишда ғойиб бўлди. QALAMPIR.UZ’нинг Интерпол сайтида олиб борган тадқиқлари буни тасдиқламоқда.
Гап шундаки, Миграция агентлигида Кореядаги ваколатхона раҳбари лавозимида фаолият олиб борган Азизбек Тоштемиров 2025 йилнинг март ойида турли қонунбузарликлар учун ишдан бўшатилган. У фирибгарлик ва бир қатор жиноятларда гумон қилиниб, жорий йилнинг май ойида Интерпол орқали халқаро қидирувга берилган эди.
Маълумотларга кўра, Азизбек Тоштемиров лавозимдалиги даврида Жанубий Кореяга ишга кетиш учун ўтказиладиган баъзи EPS–Topik имтиҳонлари вақтида айрим номзодлар ўрнига бошқа шахслар киритилгани, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг баъзи ходимлари эса уларга тестдан ўтишда гўёки ёрдам бергани ҳолатлари кузатилган ва эҳтимолий қонунбузарлик тўғрисида фуқаролардан бир қанча мурожаатлар бўлган.
2025 йилнинг августида фуқароларни Жанубий Кореяга ишга юбориш эвазига ноқонуний равишда пул олган Миграция агентлигининг Наманган вилояти филиали бош мутахассиси ва агентлик марказий аппарати бош мутахассисига жиноят иши қўзғатилганидан сўнг, агентликнинг Сеул шаҳридаги ваколатхонасида фаолият юритган барча ходимлар тўлиқ ўзгартирилган.
Бироқ, Тоштемировнинг ўзи бу айбловларни буткул рад этиб, ҳар қандай қонунбузарлик ва коррупция бошида агентликнинг амалдаги раҳбари Беҳзод Мусаев турганини иддао қилиб чиқди.
“Корея 24 соат” деб номланган телеграм каналига Миграция агентлиги раҳбарига тегишли экани айтилган аудио ва ёзишмалардан олинган суратлар жойлаб борилмоқда. Унда Беҳзод Мусаев қимматбаҳо совғалар, давлат ҳисобидан $150 минг долларлик машина, премиум дўконлардан харид қилинадиган гўшт маҳсулотлари талаб қилгани ҳақида жиддий айбловлар илгари сурилган. Азизбек Тоштемиров ўз каналида барча ҳолатлар бўйича фактлар етарли экани, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этишга тайёрлигини билдирган.
Интерпол қидирувида бўлган Азизбек Тоштемировнинг 17 июнь куни эълон қилган постига кўра, у Кореяда ишлаётган пайтида ундан Беҳзод Мусаев учун ҳар икки ҳафтада 10 килограммдан қимматбаҳо вагю гўшти юбориб туриш талаб қилинган. У гапига исбот сифатида Миграция агентлигининг раҳбари Беҳзод Мусаевга тегишли экани айтилган аудиони илова қилган.
Қолаверса, Азизбек Тоштемиров тез-тез спиртли ичимликлар, косметика маҳсулотлари ва ҳатто “Please” (эркаклик қувватини оширувчи восита) дорисини юбориш сўралгани акс этган скриншотларни ҳам эълон қилган.
.jpg)
“Б. Мусаев солиқчи бўлганку, солиқ солиш қонида бор. Менинг бўйнимга солинган солиқлар ҳам кундан-кунга ортиб борди. Мен топган ойлигимга Мусаев ва унинг оиласи учун энг қимматбаҳо корейс косметикаларидан тортиб, зубной паста-ю, ҳатто влажный салфеткагача юборишим керак эди”, деб ёзади Азизбек Тоштемиров.
.png)
.png)
.png)
Собиқ ходим гўшт маҳсулотларини “Premium” дўконлардан сотиб олингани, баъзан у бундай маҳсулотларга маоши етмай бошқа ходимлар билан пул йиғишга мажбур бўлганини ҳам ёзган.
Азизбек Тоштемиров “4-Факт” сифатида каналига жойлаган постида Кореядан махсус тюнинг қилинган Hyundai Palisade автомобилини юбориш талаб қилинганини ёзди.
“Талаблар борган сари ошиб борди. Бир куни Мусаев машинада ўтирса, бели оғриб қолаётганини айтиб, Кореядан махсус ётиб кетишга мўлжалланган (tuning қилинган) диванга эга Hyundai Palisade машинасини юборишимни буюрди. Машинани изладик, топдик, аммо тўловга келганда “ўзинг амалла” деган жавобни олдим”, деб ёзади Тоштемиров.
.png)
Аввалроқ, Ташқи меҳнат миграцияси ва хусусий бандлик агентликлари собиқ мансабдор шахслари томонидан амалга оширилган коррупцион схема аниқлангани, улар 600 дан ортиқ одамдан $90 млн олгани фош қилингани маълум бўлганди. Азизбек Тоштемировнинг иддао қилишича, бу жиноятга ҳам Мусаев алоқадор.
“Айни пайтда Кореяга ишлаш учун кетган фуқароларнинг ким орқали, қанча пул эвазига кетганлиги текширилмоқдами? Хўш, нима сабабдан Б. Мусаевнинг шахсан топшириғи ортидан Кореяга кетганлар билан ҳеч ким қизиқмаяпти? Бундай топшириқларнинг сон-саноғи йўқ. Қай биридан қанчадан олган номаълум, лекин ҳойнаҳой 90 млн $ Мусаевнинг уйидан чиқса ажабмас”, деб ёзган у.
Жорий йилнинг 20 июнь куни Миграция агентлиги шов-шувли ҳолат бўйича расмий муносабат билдирди. Унда Азизбек Тоштемиров скриншот, аудио ва расмлар билан иддао қилаётган гаплар ҳақиқатга тўғри келмаслиги ва бир томонлама талқин қилингани айтилган.
“Мазкур ҳолатлар бўйича ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда текширув ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Текширув натижаларига кўра, барча ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилади”, дейилади расмий баёнотда.
Орадан бир ойдан ортиқ вақт ўтди ҳамки, бирор расмий идора – на Бош прокуратура, на Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва на Ички ишлар Тоштемировнинг айбловлари юзасидан қандай текширув олиб борилаётгани, натижалар қачон маълум бўлишига ойдинлик киритмади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрель ойида Интерпол орқали халқаро қидирувга берилган Равшан Муҳитдиновнинг номи ҳам шубҳали тарзда қидирувдаги шахслар рўйхатидан олиб ташланган эди. Кейинроқ, Ички ишлар вазирлиги QALAMPIR.UZ'нинг ушбу ҳолат бўйича сўровига нисбатан “Равшан Золотой” аслида 2021 йилда қидирувга берилгани, тергов ҳаракатлари давомида унга қўйилган айбловлар тасдиғини топмагани ва шу муносабат билан қидирув-тергов ҳаракатлари тўхтатилганини билдирган.
Live
Барчаси