Муножат Йўлчиева номидаги стипендия таъсис этилди
Маданият-санъат
−
11 Январь 2023
12676Ўзбекистон халқ артисти мақом йўналиши ижрочиси Муножат Йўлчиева номида стипендия жорий этилди. Бу бўйича QALAMPIR.UZ’га Маданият ва туризм вазирлиги матбуот хизмати котиби Дилбаҳор Худойбердиева маълум қилди.
Қайд этилишича, стипендия Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг “Олий таълим муассасаларида илм-фан соҳасида муваффақиятга эришган машҳур ўзбек аёллари номи билан аталувчи стипендияни жорий этиш тўғрисида”ги қарорига биноан жорий этилган.
Шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулсанам Мамазоитова ҳамда сухандон Дилдора Рустамова ўз ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Муножат Йўлчиевани бу ютуқ билан табриклаган.
Мазкур стипендия Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтининг 2-курсни тугатган бакалавриат ҳамда 1-курсни тугатган магистратура талабаларига берилиши кўзда тутилган бўлиб, номзод танлов асосида сараланади.
Талабгорнинг ҳужжатлари институт илмий бўлими томонидан қабул қилинади. Танловда қатнашиш учун тақдим этилган ҳужжатлар танлов муддати тугагач, бир ҳафта муддатда Танлов комиссиясига тақдим этилади ва комиссиясининг қарори билан ҳужжатларни кўриб чиқиш учун экспертлар белгиланади.
Танловдан муваффақиятли ўтган ва стипендияга тавсия этилганларнинг рўйхати Кенгаш раиси томонидан буйруқ асосида тасдиқланиб, стипендияни тўлаб бериш учун тақдим этилади.
Маълумот учун, Муножот Йўлчиева 1960 йили Андижон вилоятининг Булоқбоши туманидаги Ширмонбулоқ қишлоғида туғилган. У мумтоз мусиқа санъати, жумладан, Шашмақом ривожига ҳамда унинг дунё бўйлаб тарқалишига беқиёс ҳисса қўшган бетакрор овоз соҳибасидир. “Шарқ тароналари” фестивали ғолиби. Шунингдек, Йўлчиева “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” ва “Ўзбекистон қаҳрамони” унвони, “Эл-юрт ҳурмати”, “Фидокорона хизматлари учун”, “Буюк хизматлари учун”, “Меҳнат шуҳрати” орденлари билан тақдирланган.
Озода Чориева