Мудофаа вазирлиги офицерлари устамаси 2 баравар оширилади

Жамият

image

Ўзбекистонда Мудофаа вазирлиги офицерлари устамаси икки баравар оширилади. Бу ҳақда бугун, 16 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевга ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, резерв ва захирадаги офицерлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш юзасидан ахборот берилиши чоғида маълум қилинди.

Қайд этилишича, армиянинг жанговар шайлиги ва тайёргарлигини ривожлантириш, шахсий таркибга янги тизим асосида таълим бериш ва касбга тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисобот берилган.

Хусусан, жанговар шайлик йўналишида қўшинларда мажмуавий стратегик ва қўмондонлик штаб ўқувлари, йиғин, дала чиқишлари ва ўқув курслари тизимли равишда ўтказиб келинаётгани, бунда шахсий таркибда ахлоқий-руҳий, реал жанговар вазиятларда қўрқув ва эмоцияларни бошқариш ҳамда дадил ҳаракатлана олиш каби муҳим жанговар сифатларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилган.

Замонавий жанговар ҳаракатлар таҳлилидан келиб чиқиб, барча ўқув, тренинг ва машғулотларда жанг олиб боришнинг янги усул ва шакллари ўзлаштирилаётгани, бўлинмаларнинг мобиллигини, жанговар имкониятларини ва қўйилган вазифаларни мустақил бажариш қобилиятини оширишга қаратилган тегишли чора-тадбирлар кўрилаётгани юзасидан ахборот берилган.

Тақдимотда резервдаги ва захирадаги офицерларни тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар ҳам кўриб чиқилган. Қайд этилишича, дунёда юз бераётган ҳарбий можаролар таҳлили уруш давридаги сафарбарлик эҳтиёжларидан келиб чиқиб, тинчлик даврида ҳарбий тайёргарликка эга бўлган офицерлар захирасини шакллантириш ва уларни мутахассисликлар бўйича тўғри тақсимлаш долзарб вазифа эканини кўрсатмоқда.

Ҳозирги кунда 4 та олий таълим ва 2 та олий ҳарбий таълим муассасасининг ҳарбий тайёргарлик ўқув марказлари ва факультетларида 42 та мутахассислик бўйича резерв ва захирадаги офицерлар тайёрланмоқда. Бунга қўшимча равишда Урганч, Термиз, Андижон давлат университетлари, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ҳамда Андижон давлат тиббиёт институтида яна 5 та ҳарбий тайёргарлик ўқув марказини ташкил этиш таклиф қилинган.

Шунингдек, давлат олий таълим муассасаларида қўшимча равишда “Чақириққача ҳарбий таълим” йўналиши бўйича 3 йиллик бакалавриат таълими асосида резерв ва захирадаги офицерларни тайёрлаш тизими йўлга қўйилади. Ҳарбий тиббиёт институтида эса илк бор клиник ординатура ва магистратурага қабул қилинган ҳамда ҳарбий тайёргарликдан ўтиш истагини билдирган талабалар тўлов-контракт асосида ўқитилади. Бундай имконият нодавлат олий таълим муассасалари талабалари учун ҳам яратилади.

Бугунги кунда долзарб бўлган сунъий интеллект, дрон, робототехника каби замонавий ва тор мутахассисликлар бўйича ҳам захира офицерлари тайёрлаш йўлга қўйилади. Ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмалари учун илғор хорижий армиялар тажрибаси асосида янги ўқув режа ва дастурлар ишлаб чиқилади.

Ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жорий йил 13 январь куни Президент, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони раислигида ўтказилган Хавфсизлик кенгаши йиғилишида мазкур масала устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Жумладан, Мудофаа вазирлиги офицерларига хизмат йиллари учун тўланадиган ҳар ойлик устама миқдори икки бараварга ошириш, контракт бўйича хизмат қилаётган оддий аскар ва сержантларнинг ойлик пул таъминотини 10 фоизга кўпайтириш таклиф қилинган.

Президент таклифларни қўллаб-қувватлаб, уларнинг ижроси ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, ҳарбий хизмат нуфузи ва жозибадорлигини оширишга хизмат қилишини таъкидлаган ҳамда тегишли ҳужжатларни имзолаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Мудофаа вазирлиги устама офицер

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг