Мудҳиш жиноят. Бир оиланинг 3 аъзоси ваҳшиёна қотиллик сабаб узоқ муддатга қамалди
Жамият
−
01 Июль 2019
9765Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судида 2018 йил август ойида битта оиланинг тўрт нафар аъзоси биргаликда содир этган ўта оғир жиноят бўйича айбдорларга ҳукм ўқилди.
Гап шундаки, Олтиариқ туманида яшовчи Соиповлар оиласи – оила бошлиғи Турсунмурод Соипов, хотини Ҳанифа Соипова ҳамда ўғиллари Аббосхон, Дилмурод ва вояга етмаган Озодбек Соиповлар (исм-фамилиялар ўзгартирилган) бир кишининг умрига зомин бўлиб, иккинчи бир шахсни ўлдиришга қасд қилишган.
Киракашлик билан шуғулланувчи Турсунмурод Соипов зўравонлик билан навбатсиз мижоз олишни одат қилиб олган. 2018 йил 17 августида унинг бу одатига бир йўналишда қатновчи Дониёр Аманов ва Нуриддин Бўронов жим турмай, эътироз билдирган.
Эътироздан Турсунмуроднинг жаҳли чиқиб, хотини Ҳанифа ҳамда ўғиллари Аббосхон ва Озодбекни чақирган. Улар биргаликда пичоқ ва тошлар билан қуролланиб, Дониёр Аманов ва Нуриддин Бўроновни калтаклаган. Воқеани видеотасвирга олган З. Ҳайитқуловга бироз жароҳат етказишган.
Шундан сўнг мазкур ҳолат юзасидан дастлабки суриштирув ҳаракатлари бошланди. Мазкур суриштирув доирасида 2018 йил 20 август куни Ҳанифа Соипова ва Нуриддин Бўронов профилактика инспекторининг хизмат хонасига чақиртирилган.
Ўша ерда Ҳанифа яна жанжаллашиб, Нуриддинни уятли сўзлар билан ҳақоратлади. Бунга чидолмаган Н. Бўронов эса, Ҳ. Соипованинг юзига уриб, тан жароҳати етказган.
Буни қарангки, Турсунмурод ва унинг оиласи юқоридаги иккала жанжалдан тегишли хулоса чиқариш ўрнига бадтар аламзада бўлиб, Нуриддин ва Дониёрнинг “попугини пасайтириб” қўйишни режалаштирди.
2018 йил 5 сентябрь соат 18:00 атрофида Турсунмурод шоҳбекатда ҳар доимгидек навбатсиз йўловчи ола бошлади. Шунда Нуриддин яна унинг ҳаракатларига эътироз билдирди ва улар тортишиб қолган.
Лекин Т. Соипов барибир навбатсиз йўловчи олиб, йўлга тушган. Йўлда кета туриб у ўғиллари Аббосхон, Дилмурод ва Озодбекка шоҳбекатга келиб туришларини тайинлаган. Бир соатдан кейин эса ўзи ҳам қайтиб келган.
Бунгача воқеа жиддий тус олаётганини сезган Д. Аманов ҳам Нуриддиннинг укаси Умиджон Бўроновни ёрдамга чақириб қўйганди.
Шунинг учун ота-болалар аввал унга ҳужум қилишди. Ота ўғлига Умиджонни ўлдиришни буюрган.
Отасининг шу қабиҳ кўрсатмасига асосан Дилмурод У. Бўроновнинг чап биқини, елка ва бўйин соҳаларига кетма-кет пичоқ санчган.
Сўнгра Аббосхон укаси Дилмуроднинг қўлидан пичоқни олиб, Нуриддиннинг ўнг кўкрагига урган.
Буткул қутуриб кетган Соиповлар Дониёр Амановни ҳам обдан дўппослаган.
Воқеа туман ички ишлар бўлими биноси ҳамда туман марказий шифохонаси яқинида юз бергани учун орадан кўп вақт ўтмай ички ишлар ходимлари ва “Тез ёрдам” етиб келган. Буни кўриб ота-болалар қочиб кетган.
Дилмурод Соипов қочиб бораётиб, тахминан 800 метр нарида турган “Тико” автомашинаси ҳайдовчиси Д. Зокировга зўрлик ишлатиб, уни машинадан туширган. Сўнг автомашинани олиб қочиб, ўзининг яшаш хонадони яқинига ташлаб кетган.
Энг ачинарлиси, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, У. Бўронов касалхонада вафот этган. Шифокорлар Нуриддиннинг ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлган.
Турсунмурод, хотини ва ўзига ўхшаган ноқобил, бераҳм ўғилларига нисбатан Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди уларни қонуний жазога маҳкум этган. Хусусан, нобакор ота, Аббосхон ва Дилмурод узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган. Ҳанифа ва вояга етмаган Озодбекка озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Аммо суд жараёнида ҳам қилмишларига иқрор бўлмаган айбдорлар вилоят судига апелляция шикояти беришган. Апелляция судлов ҳайъати ишдаги барча ҳолатларни атрофлича ўрганиб чиққан.
Пировардида суд ҳукми Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарори талаблари доирасида чиқарилган, деб топилган. Бинобарин, апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан, суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.
Маълумот учун, Соиповлар оиласи бошлиғи Турсунмурод муқаддам 1994, 2008, 2010, 2012, 2013, 2014 ва 2016 йилларда Жиноят кодексининг бир қатор моддалари бўйича қасддан баданга енгил шикаст етказиш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг режимини бузиш, кўп миқдорда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш, шунингдек, безорилик билан боғлиқ жиноятларни содир этган.
Унинг хотини Ҳанифа такроран ёки хавфли рецидивист томонидан кўп миқдорда товламачилик жиноятини содир этишда айбланган ва судланган. Ота-она жиноятчиларнинг ўғли Дилмурод эса, 2014 ва 2015 йилларда қасддан баданга оғир шикаст етказиш, белгиланган тартибни бузиб, чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш ёхуд чегарадан ўтиш билан боғлиқ жиноятларни содир этгани учун судланган.
Раҳматжон АРАПОВ,
Тожиддин ВАҲОБОВ,
жиноят ишлари бўйича
Фарғона вилояти судининг судьялари
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь