Мубашшир Аҳмаднинг суди яна кейинга қолдирилди

3-саҳифа

image

Бугун, 2 октябрь куни соат 16:00 да Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида диний олим ва блогер, “Azon Global” ахборот-таҳлилий портали асосчиси Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов)нинг навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтиши керак эди. Бироқ ушбу мажлис яна бошқа кунга қолдирилди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ сўровига жавобан Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди. 

Унинг билдиришича, суд мажлиси жорий йилнинг 8 октябрь куни соат 16:00 га кўчирилган.  Суднинг қолдирилишига Мубашшир Аҳмад ишини кўраётган судьянинг тоби йўқлиги, саломатлигини тиклаш таътилида экани сабаб бўлмоқда.

Қайд этиш жоиз, бу Турсуновнинг иши бўйича суд мажлисининг биринчи марта қолдирилиши эмас. Унинг биринчи суди 19 август куни бўлиб ўтди ва айрим гувоҳлар келмагани айтилиб, суд иши 8 сентябрга қолдирилди. Иккинчи суд мажлисида иштирок этган гувоҳлар қўйилаётган айбловлар учун етарлича далиллар келтира олмади. Шундан сўнг, суд 15 сентябрга қолдирилди. Шунингдек, 29 сентябрь куни бўлиб ўтиши керак бўлган суд мажлиси ҳам бугун, 2 октябрга сурилган эди.

Маълумот учун, Алишер Турсуновга нисбатан Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) ва 244-3-моддаси (диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. 

Эслатиб ўтамиз, Мубашшир Аҳмаднинг бундан олдинги суд мажлиси жорий йилнинг 18 сентябрь куни бўлиб ўтган эди. Судда давлат айбловчиси Мубашшир Аҳмадга 7 йил қамоқ жазосини сўраганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Мубашшир Аҳмад Алишер Турсунов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг