Мубашшир Аҳмад иши бўйича яна суд бўлди

3-саҳифа

image

Кеча, 15 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа тумани судида диний олим ва блогер, “Azon Global” ахборот-таҳлилий портали асосчиси Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов)нинг 3-суд мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Azon Global” хабар берди. 

Қайд этилишича, судда қатнашиш учун қатор жамоатчилик вакиллари, журналистлар ҳамда Мубашшир Аҳмаднинг яқин қариндошлари суд биноси олдида йиғилган.

Қарийб 2 соат давом этган суд мажлисида бу сафар Алишер Турсуновнинг ўзи ҳам кўрсатма берган. У Туркияда фаолият олиб борган вақтда чиқарилган материаллари учун Диний қўмита рухсатини олиш зарурати бор деб ўйламаганини айтган. Шунингдек, у ўзига қўйилган бошқа айбловлар бўйича ҳам фикрларини айтиб ўтган. 

“Мубашшир Аҳмад бугунги суд мажлисида ҳар бир айблов моддаси бўйича сўралган саволларга жавоб бергани айтилмоқда. Қораловчи (прокурор) қандай жазо берилишини суддан сўраш борасида ўйлаб олиш учун муддат сўраган”, дейилади портал хабарида. 

Шунингдек, мажлисда судья томонлар музокараси учун танаффус эълон қилган. Кейинги суд мажлиси 18 сентябрь кунига қолдирилган. 

Маълумот учун, Алишер Турсуновга нисбатан Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) ва 244-3-моддаси (диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. 
Турсуновнинг бундан олдинги суд мажлиси 8 сентябрь куни бўлиб ўтганди. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йил май ойида Алишер Турсунов Истанбулнинг Боҳчашеҳир мавзеидаги уйидан гумонланувчи сифатида олиб кетилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик, ижтимоий тармоқларда Турсунов Туркиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. Шундан сўнг, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Алишер Турсуновни Туркиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинганини расман тасдиқлаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Мубашшир Аҳмад Azon Global Алишер Турсунов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг