МСК Тошкентнинг 105-сайлов участкасидаги натижани бекор қилди
Жамият
−
27 Декабрь 2019
5329Аввалроқ, Тошкент шаҳар Бектемир туман 105-сайлов участка сайлов комиссия аъзолари томонидан бир қанча сайлов бюлетенларини сайлов қутисига ўзлари ташлаб, сайлов натижаларини сохталаштиришга уринаётгани акс этган видеолавҳа тарқалгани ҳақида хабар берган эдик. Марказий сайлов комиссияси ҳолат бўйича ўтказилган текширув натижаларини эълон қилди.
Ўрганиш натижасига кўра, 105-участка сайлов комиссиясининг 22 декабрдаги сайлов натижалари бўйича қабул қилган қарорлари бекор қилинди ва ҳақиқий эмас деб топилди.
Мазкур сайлов участкаси бўйича сайлов натижалари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 141-Темирйўлчилар ва Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига сайлов ўтказувчи 8-Сувчи шаҳар округ сайлов комиссияларининг тегишли округлар бўйича сайлов натижаларига таъсир қилмаслиги инобатга олинди.
Бектемир тумани сайлов комиссияси томонидан 18-Висол сайлов округида 2020 йил 19 январь куни такрорий сайлов ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шунингдек, туман сайлов комиссияси томонидан 105-участка сайлов комиссиясининг таркибини алмаштириш ишлари ҳам амалга оширилади.
Прокуратура органлари томонидан ушбу ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.
LiveБарчаси