МСК ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарларга муносабат билдирди
Жамият
−
21 Октябрь 2019
4196Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Халкаро матбуот маркази ижтимоий тармоқларда маҳаллий кенгашларга сайловлар олдидан партиялар ишига ҳокимият органлари аралашиш ҳолатлари бўлаётгани тўғрисидаги ахборотга муносабат билдирди.
"Марказий сайлов комиссияси жорий йил 22 декабрда Парламент ва маҳаллий кенгашларга бўладиган сайловларда депутатликка номзодларни кўрсатишда сиёсий партиялар ишига маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари, ҳокимлар томонидан аралашиш ҳолатлари бўлаётгани тўғрисида ижтимоий тармоқлардаги хабар ва ахборотга эътибор қаратди", дейилади МСК Халқаро матбуот маркази хабарида.
"Марказий сайлов комиссияси қайд этадики, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 37-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар эгадир.
Бу ҳуқуқ сиёсий партияларнинг мутлақ ваколати ҳисобланади. Сиёсий партияларнинг депутатликка номзод кўрсатиш ишига ноқонуний аралашиш қонун билан таъқиб қилинади ва жавобгарликка сабаб бўлади.
Марказий сайлов комиссияси юқоридаги каби ҳолатлар мавжуд бўлса, асослантирилган фактлар билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилишингизни ва бу тўғрида Марказий сайлов комиссиясини хабардор қилишингизни сўрайди. Шунингдек, ушбу ҳолатлар юзасидан Марказий сайлов комиссиясининг 1197 рақамли “Ишонч телефони”га ҳам мурожаат қилишингиз мумкин", дейилади хабарда.
LiveБарчаси