МРБ Эрон ядровий иншоотларига катта зарар етганини эълон қилди
Олам
−
26 Июнь 9224 2 дақиқа
Эроннинг ядровий объектларига Америка томонидан уюштирилган зарбалар оқибатида жиддий зарар етказилган. Бу ҳақда сўнгги разведка маълумотларига таяниб, АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) директори Жон Ратклифф баёнот берди.
“МРБ тасдиқлаши мумкинки, ишончли разведка маълумотлари жамланмаси Эрон ядровий дастурига сўнгги ҳужумлар оқибатида жиддий зарар етганини кўрсатмоқда”, дейилади баёнотда.
Ратклиффнинг айтишича, ишончли манбалардан олинган янги разведка маълумотларига кўра, бир нечта асосий ядровий объектлар бутунлай вайрон қилинган ва уларни тиклаш учун йиллар керак бўлади.
У, шунингдек, МРБ қўшимча маълумотларни йиғишда давом этаётганини ва у ҳақида расмийлар ҳамда жамоатчиликни хабардор қилишини билдирган.
Бунгача Пентагондан матбуотга Эроннинг ядровий дастуридаги асосий компонентлар йўқ қилинмагани ва бир неча ой ичида тикланиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар сиздирилган эди.
АҚШ Президенти Дональд Трамп эса Эрон ядровий дастури зарбалар оқибатида “бутунлай йўқ қилинганини” таъкидлаган ва CNN телеканали ҳамда “The New York Times” газетаси томонидан тарқатилган разведка ҳисоботига асосланган материалларни “сохта янгиликлар” деб атаган.
“Axios” нашрига кўра, Оқ уйда разведка маълумотларининг матбуотга сизиб чиқиши ортидан Конгресс билан махфий ахборот алмашувини чеклаш режалаштирилмоқда. Нашр манбаларига кўра, Федерал тергов бюроси (FBI) бу борада махсус текширув бошлаган.
Нашрнинг ёзишича, бу чекловлар Оқ уй билан Конгресс аъзолари ўртасида махфий ахборот алмашиш учун ишлатиладиган CAPNET тизимидаги маълумотларга нисбатан қўлланиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Исроил-Эрон ўртасидаги уруш фонида жорий йилнинг 22 июнь куни Эроннинг Фордо, Исфаҳон ва Натанздаги асосий ядровий объектларига бункерёрар бомбалар билан зарба берган эди.