Моуриньюни ишдан кетишига сабаб бўлган клуб унга иш таклиф қилмоқда

Спорт

image

Кеча, 16 сентябрь куни “Бенфика” жамоаси Чемпионлар Лигаси доирасида “Қорабоғ”дан учралган мағлубиятдан сўнг бош мураббийси Бруну Лажини истеъфога чиқарди. Энди “Бенфика”ни бошқариш учун асосий номзод сифатида Жозе Моуринью номи тилга олинмоқда. Бу ҳақда “А Bola” нашри хабар берди.

Бруну Лажининг истеъфога чиқарилиши ҳақида клуб президенти Руй Кошта кечаги ўйиндан сўнг матбуот анжуманида маълум қилди.

“Бенфика”нинг барча мухлисларига шуни маълум қилмоқчиманки, биз Бруну Лажи билан келишувга эришдик, у “Бенфика” устози лавозимини тарк этади”, деди у.

Шунингдек, клуб президентига Моуринью ҳақида ҳам саволлар берилди.

“Моуринью? Бу ерда номлар ҳақида гапиришимиз фойдасиз. Энди шанба кунигача мураббий топишга тайёргарлик кўряпмиз”,  дея қўшимча қилди Руй Кошта.

Манбага кўра, “Бенфика” раҳбарияти аллақачон Моуриньюнинг вакиллари билан дастлабки музокараларни бошлаган. Шунингдек, Нуно Эспирито Санто ва Тьяго Мотта каби номзодлар ҳам кўриб чиқилмоқда. Бироқ Моуриньюнинг тажрибаси, нуфузи ва клуб билан тарихий алоқаси уни энг кучли даъвогар сифатида ажратиб турибди.

Қизиқ тарафи шуки, Жозе Моуринью “Бенфика”дан учралган мағлубият ва Чемпионлар лигасига чиқа олмагани учун “Фенербаҳче” жамоаси бош мураббийлигидан озод этилганди. Португалиялик мутахассис 2000 йилда “Бенфика”да ўзининг биринчи катта мураббийлик ишини бошлаган. Ўтган 25 йил давомида у 10 та клубни бошқарган, “Порту” ва “Интер” билан Чемпионлар Лигаси кубогини қўлга киритган ҳамда Португалия, Англия, Италия ва Испанияда чемпионликка эришган мутахассис ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Туркиянинг “Истанбул Башакшеҳир” жамоаси ҳам яқинда Нури Шаҳинни клуб бош мураббийси сифатида таништирган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Чемпионлар Лигаси Бенфика Жозе Моуринью

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг