Москвага дрон ҳужумидан сўнг ҳукумат расмийлари бошқа ерга кўчирилди
Олам
−
31 Июль 2023
12276Аввалроқ Россия пойтахти Москва шаҳри марказида жойлашган “Москва Сити” бизнес марказига дрон ҳужуми уюштирилгани ҳақида хабар берган эдик. Ҳужумдан сўнг мамлакат Рақамли ривожланиш вазирлиги ходимларига масофадан ишлаш имконияти таклиф қилинди. Бу ҳақда ҳукумат расмийларида таяниб, “Mash” Telegram-канали хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 31 июль кунидан бошлаб мансабдор шахслар, раҳбарлар ва бошқа ходимларга ихтиёрий равишда масофадан ишлаш таклиф қилинган. Вазирликда иш формати бир ҳафта ичида нормал режимга қайтиши кутилмоқда.
Бундан ташқари вазир Мақсут Шадаев мутасаддиларга мурожаат қилиб, уларни чидамлилик ва қатъият намунасини кўрсатишга чақирган.
Маълумот учун, жорий йилнинг 30 июль кунига ўтар кечаси “Москва Сити”нинг Рақамли ривожланиш вазирлиги жойлашган “IQ-квартал” минорасининг 11 ва 12-қаватларига дрон келиб урилди. Шунингдек, ушбу бинода Иқтисодий ривожланиш вазирлиги, Саноат ва савдо вазирлиги ва бошқа вазирликлар жойлашган.
Таъкидланишича, бинонинг таянч конструкциясига жиддий зарар етмаган. Ҳозирда реставрация ишлари олиб борилмоқда.
Иккинчи дрон “Око-2” минорасининг бешинчи ва олтинчи қаватлари деразаларининг синишига сабаб бўлган.