Москвада яна бир генерал машинасида портлатилди (видео)

Олам

image

Кеча, 9 июнь куни эрта тонгда Москва вилоятининг Балашиха шаҳрида юз берган портлаш оқибатида генерал-лейтенант Дамир Давидов ҳалок бўлди. У Россия Мудофаа вазирлигида фронтга ракета ва артиллерия ўқ-дориларини етказиб бериш учун жавобгар офицер бўлган. Бу ҳақда “The Insider” хабар берди.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, портлашдан сўнг генерал тирик бўлган, бироқ ҳозирча расман тасдиқланмаган маълумотларга кўра, у шифокорлар етиб келгунига қадар вафот этган. Портлаш “Авиаторлар” мавзесида содир бўлган. Портловчи модда BMW автомобилининг тагига яширилган ва ҳайдовчи тураржойдан ҳаракатлана бошлаганидан кўп ўтмай портлаган. Давидов Балашиха шаҳри, Кожедуб кўчаси (“Авиаторлар” мавзеси), 6-уй, 21-хонадонда – портлаш содир бўлган жойдан бир неча юз метр узоқликда истиқомат қилган. “The Insider” маълумотларига кўра, Давидов У028ЕР750 давлат рақамли BMW X3 автомобилидан фойдаланиб келган.

Нашрга маълум бўлишича, ушбу операция Украина Хавфсизлик хизмати кучлари томонидан амалга оширилган.

Маълумот учун, Давидов 1969 йил 4 февралда Пенза-19 (Заречний) шаҳрида туғилган. Унинг отаси 2002 йилгача ядровий ракеталар ишлаб чиқарган “Старт” ишлаб чиқариш бирлашмасида ишлаган. Давидов ихтисослашган ҳарбий-техник маълумотга эга бўлган ва ракета двигателлари ҳамда артиллерия ўқ-дорилари соҳасида бир нечта патентларни рўйхатдан ўтказган.

2009 йилда у 51-арсенал ҳузуридаги Марказий синов техник бюросига (63341-ҳарбий қисм) раҳбарлик қилган. 2017 йилда эса Россия Мудофаа вазирлиги Ракета-артиллерия бош бошқармасининг ракета ва ўқ-дориларни етказиб бериш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган.

Украина учун ушбу генерал ҳарбий жиноятлар иштирокчиси сифатида анчадан бери нишонда бўлган. Украинанинг “Жаллодлар китоби” базасига кўра, Давидов 2022 йил 24 февралдаги Россия ҳарбий босқинини режалаштириш ва ташкил этишда бевосита иштирок этган. Генералнинг вазифаларига армияни ўқ-дорилар билан таъминлаш кирган.

Эслатиб ўтамиз, бу “Авиаторлар” мавзесида содир бўлган иккинчи шундай ҳодисадир. 2025 йилнинг апрель ойида худди шу ҳудуддаги портлаш оқибатида Россия Қуролли Кучлари Бош штаби Бош оператив бошқармаси бошлиғининг ўринбосари генерал-лейтенант Ярослав Москалик ҳалок бўлган эди. 9 июндаги портлаш жойи Москаликнинг автомобили портлатилган уйдан тахминан 350 метр узоқликда жойлашган.

Умуман олганда шу пайтгача 2022 йил февраль ойида Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан бери камида 19 нафар россиялик генерал ҳалок бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

генерал Балашиха Дамир Давидов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг