Москвада минглаб мигрантлар билан сохта шартнома тузган жиноий гуруҳ қўлга олинди
Олам
−
01 Октябрь
4101Россиянинг Москва вилоятида қурилиш соҳасидаги сохта компаниялар орқали мингдан ортиқ муҳожирни қонунийлаштирган уюшган гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда вилоят полиция бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Владимир Васенин маълум қилди.
Унинг айтишича, жиноий гуруҳ аъзолари қурилиш билан шуғулланувчи шахс орқали тижорат ташкилотларини яратган. Шундан сўнг, гуруҳ аъзолари муҳожирлар билан Россияда қолиш муддатини узайтириш имконини берувчи сохта меҳнат шартномаларини имзолаган.
“Яширин бизнесдан олинган дастлабки даромад 5 миллион рублдан ошади, қонунийлаштирилган хорижликлар сони эса минг кишидан ошади”, дейилади хабарда.
Жиноий гуруҳ аъзолари мессенжерлар орқали мижозларни қидирган. Шунингдек, баъзи муҳожирлар дўстларининг тавсияси билан уларга мурожаат қилишган. Ўз хизматлари учун мигрантлардан 5 дан 10 минг рублгача сўрашган.
Москва вилояти полиция бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Владимир Васениннинг сўзларига кўра, шериклар ночор ва ишсиз фуқароларни топишган. Улар мигрантларни оммавий ва сохта равишда ҳақ эвазига рўйхатдан ўтказган. Шу мақсадда ётоқхоналар ҳам ишлатилган.
Тинтувлар чоғида ички ишлар органлари ходимлари томонидан алоқа воситалари, ҳужжатлар, банк карталари ва тергов учун муҳим бўлган бошқа ашё ва ҳужжатлар топилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбекистонликларга сохта ҳужжатлар билан Россия фуқаролигини олишга ёрдам берганлар қўлга олинган эди.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь