Москвада мигрантларга электрон гувоҳнома берилади
Олам
−
25 Октябрь
5172Россия пойтахти Москва шаҳрида 2025 йилдан бошлаб мигрантларга электрон шахсий гувоҳнома берилади ва ушбу ҳужжатда уларнинг барча маълумотлари қамраб олинади. Бу ҳақда шаҳар мэри Сергей Собянинга таяниб, ТАСС хабар берди.
“Мигратлар учун келаси йилдан бошлаб эксперимент тартибида федерал қонунга асосан электрон паспорт жорий қилинади. Хорижий фуқаронинг электрон гувоҳномасида барча маълумотлар бўлади: қачон келгани, биометрик маълумотлари, қаерда ишлаши, қаерда доимий ёки вақтинчалик рўйхатда тургани ва ҳоказо”, деди Собянин.
Собянинга кўра, полиция рейд ўтказганда ушбу маълумотларни текшириш учун махсус қурилма ишлатади. Шунингдек, мигратларнинг ҳужжатлари орасида биринчи бўлиб электрон паспорти текширилади.
“Полиция бу маълумотларни гаджетига ўрнатганидан сўнг, агар у қидирувда, мамлакатда қолиш муддати тугаган ёки миграция тартибини бузган бўлса, уларни қўйиб юбора олмайди”, дея таъкидлайди у.
Собяниннинг қўшимча қилишича, 2025 йилда эксперимент доирасида Москва авиация марказида визасиз кириш ҳуқуқига эга бўлган хорижий фуқароларни ҳам қамраб олган ҳолда биометрик назорат жорий қилинади.
“Москва аэропортига келган визасиз давлатлар фуқаролари биометрик назоратдан ўтади – суратга олиш, бармоқ излари олинади. Бунинг учун федерал қонун қабул қилинди ва шу тажрибани ўтказиш имконияти тақдим этилди. Ҳозир Президентнинг топшириғи билан ҳукуматда тегишли қарор кўриб чиқилмоқда”, деди у.
Собяниннинг таъкидлашича, барча келаётган фуқароларнинг биометрик маълумотлар базаси орқали Россия жиноятларни очишда янги даражага чиқади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Давлат Думаси ялпи мажлисида миграция қонунчилигига ўзгартиришлар киритувчи 3 та ўзгаришни маъқуллаган эди.
LiveБарчаси