Москвада хавфсизлик кучлари Қирғизистон дипломатининг уйига бостириб кирди
Олам
−
12 Апрель
13232Россия ички ишлар ходимлари Қирғизистон элчихонаси маслаҳатчиси Манас Жўлдошбековнинг хонадонига бостириб кириб, унинг оила аъзоларига тан жароҳати етказди. Бу ҳақда АКИpress хабар берди.
Шу муносабат билан, бугун, 12 апрель куни Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик бошқармасида Россия элчихонаси консул маслаҳатчиси Андрей Бурев билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Қирғизистон томони Россия ички ишлар органлари ходимларининг Қирғизистоннинг Москвадаги элчихонаси маслаҳатчиси оила аъзоларига нисбатан 1961 йилдаги Дипломатик муносабатлар тўғрисидаги Вена конвенцияси қоидаларини қўпол равишда бузган ҳаракатларидан хавотир билдирди.
Шунингдек, Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Қирғизистон дипломатик ваколатхонасининг аккредитациядан ўтган ходимларига нисбатан бундай хатти-ҳаракатларга йўл қўйиб бўлмаслиги, расмий Бишкек синчиклаб тергов ўтказиш ва айбдорларни имкон қадар тезроқ жавобгарликка тортишни талаб этиши қайд этилди.
Ўз навбатида, консул Бурев бу фактдан афсусдалигини билдирди ва Россия Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистон томонидан расмий нота олганини, шу асосда ҳозирда текширув ўтказилаётганини, унинг натижаларига кўра қирғиз томони хабардор қилинишини таъкидлади.
Аввалроқ Россиянинг ВЧК-ОГПУ Telegram-канали 8 апрель куни Россия Ички ишлар вазирлигининг икки ходими Қирғизистон элчихонаси маслаҳатчиси Манас Жўлдошбековнинг Москвадаги яшаш манзилига чет эл фуқаросининг Россия ҳудудида бўлиши учун асосларнинг қонунийлигини текшириш учун келганини ёзган.
“Кўрсатилган милиция ходимлари дипломат ва унинг оила аъзоларининг хонадонига қулфни бузиб, кириш эшигига шикаст етказиш йўли билан қонунга хилоф равишда кириб келганликлари билан бир қаторда, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қўполлик билан миграция қайдномаси варақасининг ечиб олинадиган қисмини тақдим этишни талаб қилишган”, дейилади хабарда.
Дипломат ва унинг оила аъзолари дипломатик паспорт ва дипломатик карточкаларини тақдим этганидан кейин ҳам полиция ходимлари миграция рўйхатидан ўтганлик ҳақидаги ҳужжатларни тақдим этишни агрессив тарзда талаб қилишда давом этган, оқибатда дипломатнинг рафиқаси тан жароҳати олган, вояга етмаган фарзандларига эса руҳий шикаст етказилган.
“Бугунги кунга қадар Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти чет эллик дипломатга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлар факти бўйича ички ишлар текширувини ўтказмаган, бу эса уларнинг келажакда Марказий Осиё мамлакатлари дипломатларига нисбатан шунга ўхшаш ҳолатларнинг олдини олиш учун тегишли чоралар кўрмасдан, ушбу ҳодисани яшириш ниятида эканини кўрсатади”, деб ёзади ВЧК-ОГПУ канали.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь