Москвада хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда. Аксилтеррор ҳаракатлар бошланди
Олам
−
24 Июнь 2023
17973Москвадаги йўлларда қўшимча назорат ўрнатилди ва аксилтеррор чоралари кўрилмоқда. Бу ҳақда бугун, 24 июнь куни шаҳар мэри Сергей Собянин маълум қилди.
“Москвада хавфсизлик чораларини кучайтиришга қаратилган аксилтеррор чоралари кўрилмоқда. Йўлларда қўшимча назорат ўрнатилди. Кўрилган чораларни тўғри тушунишингизни сўрайман”, деб ёзган у ўзининг Telegram-каналида.
Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам Москванинг энг муҳим объектлари, хусусан, давлат ҳокимияти органлари ва транспорт инфратузилмаси объектлари кучайтирилган муҳофазага олинганини эълон қилган. Россия гвардиясининг ОМОН ва СОБР бўлинмалари огоҳлантирилган.
Бундай чоралар кўрилиши Евгений Пригожин бошчилигидаги “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси томонидан амалга оширилаётган ҳарбий ҳаракатлар билан боғлиқ.
Россия Федерацияси Бош прокуратураси “Вагнер” асосчиси Евгений Пригожинга қарши қуролли исён уюштириш факти бўйича Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 279-моддаси бўйича жиноий иш қўзғатган. Қайд этилишича, бу жиноят 12 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 23 июн куни “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин Россия Мудофаа вазирлигини унинг компанияси позицияларига зарба беришда айблаб, 25 минг киши бу билан шуғулланмоқчи эканини айтганди. Бугун, 24 июнь куни эса “Вагнер” жангчилари Ростовдаги Жанубий ҳарбий округ штаб-квартирасини эгаллаб олди. Бунинг ортидан Россия Мудофаа вазирлиги “Вагнер” ҳужум отрядлари жангчиларига, Президент Владимир Путин эса россияликларга мурожаат билан чиқди.
LiveБарчаси