Москвада икки ойлик карантин чекловлари эълон қилинди

Олам

image

Россия пойтахти Москвада жорий йилнинг 13 ноябридан 2021 йилнинг 15 январигача навбатдаги карантин чекловлари жорий этилмоқда. Унга кўра, шаҳардаги олий ўқув юртлари ва коллежлар фаолиятини онлайн давом эттиради. Тунги клублар ва ресторанлар фаолиятига соат 23:00 дан кейин тақиқ ўрнатилмоқда. Бу ҳақда Москва Ҳукумати томонидан қабул қилинган қарорда сўз боради. 

Москва мэри Сергей Собянин ўз блогида Москвада коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ беқарор вазият туфайли пандемияга қарши қўшимча чоралар кўрилишини маълум қилган. 

Таъкидланишича, кеча, 9 ноябрь куни Москвада пандемия давридаги навбатдаги антирекорд қайд этилган. Унга кўра, сутка давомида 6 897 та янги ҳолат аниқланган. Бу эса Москвада жиддий чекловларни илгари суришга туртки бўлган. 

Жорий йилнинг 13 ноябридан 2021 йилнинг 15 январига қадар давом этадиган карантин чекловлари ўз ичига қуйидагиларни олади: 

•    пойтахтдаги олий ўқув юртлари ва коллежлари масофадан ўқитишга ўтказилади;

•    талабаларнинг транспорт карталари вақтинча блокланади;

•    ресторан ва клубларга соат 23:00 дан 06:00 гача меҳмонларни қабул қилиши тақиқланади;

(Айни пайтда тунги клубларда, барларда, дискотекаларда, караоке, боулинг клубларида, картинг марказларида ва бошқа жойларда овқатланиш хизматлари ва кўнгилочар хизматларни тақдим этиш тўхтатилган. Чеклов товарларни сотиш ва маиший хизматларни кўрсатишда қўлланилмайди. Корхоналар кеча-кундуз етказиб бериш ёки олиб кетиш учун ишлашлари мумкин бўлади). 

•    театр, кино, концерт томошаларида залнинг умумий сиғими 25 фоиздан кўп бўлмаслиги керак;

•    томошабинлар иштирокида оммавий жисмоний тарбия ва спорт тадбирлари шаҳар Спорт бошқармаси билан келишмай ўтказишга рухсат берилмайди; 

•    кўргазма, маданий, маърифий, кўнгилочар тадбирларни томошабинлар иштирокида ўтказиш вақтинча тўхтатилади;

•    маданият муассасалари кўргазмалар, оммавий маърузалар, тренинглар, тақдимотлар, мастер-класслар, акцияларни онлайн равишда ўтказадилар;  

(Чекловлар ижроия ҳокимияти органларининг қарори билан ўтказиладиган расмий тадбирларга татбиқ этилмайди.) 

Болалар ўйигоҳлари, кўнгилочар марказлар, лагерлар, шу жумладан маданият ва истироҳат боғларида, савдо ва кўнгилочар марказларда ва кафеларда, агар биноларда жойлашган бўлса,  вақтинча ёпилади. Болалар учун очиқ ҳавода машғулотлар ўтказишга эса тақиқлар мавжуд эмас. 

Москва мэри Собянинга кўра, икки ойга жорий этилаётган янги чекловлар ўта ёқимсиз, бироқ мажбурий чорадир. 

"Умид қиламанки, улар натижа беради ҳамда минглаб москваликларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаб қолади", дейди мэр. 

Москвада коронавирус инфекциясининг тасдиқланган ҳолатлари сони ўсишда давом этмоқда. Айни вақтда Москвада 481 минг 68 киши коронавирусга чалинган. Уларнинг 346 889 нафари ёки 72,1 фоизи соғайган. Вафот этганлар эса 7429 нафарни ёки москвалик беморларнинг 1,5 фоизи ташкил этмоқда. 


Мақола муаллифи

Теглар

Москва Карантин

Баҳолаганлар

323

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг