“Толибон” инклюзив ҳукумат шакллантиришда олдинга силжимаяпти – Москва формати

Олам

image

Кеча, 29 сентябрь куни Россиянинг Қозон шаҳрида Афғонистон бўйича Москва форматидаги 5-йиғилиш бўлиб ўтди. Унда қатнашган давлатлар “Толибон” режимини афғонистонликларнинг турмуш даражасини ошириш чораларини кўришга чақирди. Тегишли декларация матни Россия ТИВ сайтида эълон қилинди.

Йиғилишда Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Туркманистон ва Ўзбекистондан махсус вакиллар ва юқори мартабали амалдорлар, шунингдек, “Толибон” ташқи ишлар вазири қатнашди. Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони ва Туркия вакиллари фахрий меҳмон сифатида таклиф қилинди.

“Томонлар Афғонистонни мустақил, бирлашган ва тинч давлат сифатида кўришни хоҳлайди. Улар учинчи давлатларнинг ҳарбий инфратузилма объектларини Афғонистон ва қўшни давлатларда ҳар қандай баҳона билан жойлаштиришга қарши”, дейилади декларацияда.

Шунингдек, йиғилиш иштирокчилари Афғонистонда террорчилик гуруҳлари, биринчи навбатда, ИШИД фаоллашгани сабабли хавфсизлик билан боғлиқ мураккаб вазиятдан хавотирда.

“Афғонистонда кўкнори етиштириш камайгани ҳақидаги хабарлар ҳозирги афғон ҳукуматининг муваффақиятли қадамларидандир. Гиёҳвандликка қарши реал ва самарали сиёсатни амалга ошириш, айниқса, наркотик моддаларни етиштиришга қарши курашда давом этиш муҳимлиги таъкидланди”, дейилади ҳужжатда.

Бундан ташқари, томонлар "Толибон"ни терроризм таҳдидлари ва Афғонистон ҳудудидан келаётган наркотик моддалар савдосига қарши курашда минтақа давлатлари билан ҳамкорликка чақирган. 

Москва форматида Афғонистондаги барча этник-сиёсий гуруҳлар манфаатларини акс эттирувчи чинакам инклюзив ҳукумат шакллантирилиши бўйича ишлар олдинга силжимаётганлиги айтилган. 

“Қобул маъмуриятига турли афғон миллатларининг алоҳида вакиллари тайинланганига қарамай, томонлар унда сиёсий плюрализм кўринмаслигини билдирдилар. Муваққат ҳукумат муқобил этносиёсий гуруҳлар вакиллари тинчлик жараёнини якунлаш ва мамлакатда мувозанатли, кенг қамровли, инклюзив ва масъулиятли ҳукуматни ўрнатиш учун яна бир бор амалий, натижага йўналтирилган мулоқот ўрнатишга даъват этилди”, дейилади декларацияда.

Йиғилиш иштирокчилари “Толибон” муваққат ҳукумати афғон халқининг турмуш даражасини яхшилаши, кейинги миграцияга йўл қўймаслик ва қочқинларнинг қайтиши учун зарур шарт-шароитларни яратиши кераклигини билдирган.

Иштирокчилар, шунингдек, Афғонистондаги инсонларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, жумладан, жинси, миллати ва динидан қатъи назар, меҳнат қилиш, таълим олиш ва бошқа ҳуқуқларини тиклашга чақирган. 

“Биз аёлларнинг меҳнати ва қизларнинг таълим олиши тақиқланганидан хавотирдамиз. Афғонистоннинг амалдаги расмийларига мактабларда халқаро стандартларга мувофиқ замонавий таълимни ривожлантиришни тавсия этамиз”, дейилади ҳужжатда.

Москва форматида иштирок этаётган давлатларнинг аксарияти БМТ Бош котибининг 2023 йил май ойида Доҳада бўлиб ўтган махсус вакиллар учрашуви чоғида халқаро ва минтақавий шерикларнинг афғон йўналишидаги ҳаракатларини мувофиқлаштириш бўйича саъй-ҳаракатларини қайд этган, шунингдек, 20 йиллик фаолияти Афғонистондаги ҳозирги инқирозга олиб келган АҚШ бошчилигидаги Ғарб коалицияси ушбу мамлакатни можародан кейинги тикланиш учун ўз масъулиятини зиммасига олиши ҳамда афғон холдингларини дарҳол блокдан чиқариши ва бир томонлама санкцияларни бекор қилиш шарти билан минтақадан ташқари ўйинчилар билан ҳамкорлик қилиш мумкин, деган хулосага келган.

“Афғонистон иштирокидаги минтақавий иқтисодий лойиҳаларни ривожлантириш истиқболларини ижобий баҳолаб, биз икки ва кўп томонлама иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидладик”, дейилади декларацияда.

Қўшимча қилинишича, Москва формати иштирокчилари Эроннинг умумий манфаатларга эга бўлган масалаларни муҳокама қилиш бўйича минтақавий алоқа гуруҳини яратиш таклифини олқишлаган.

Бироқ, Москва форматида қатнашган Тожикистон декларациянинг бир қанча бандларини маъқулламаган. 

“Қозон декларацияси Тожикистондан ташқари деярли ҳамма томонидан маъқулланди. Тожикистонликларнинг ушбу декларациянинг айрим бандларига эътирози бор”, деган Россия Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили, Ташқи ишлар вазирлигининг Осиё бўйича иккинчи департаменти директори Замир Кабулов.

Бироқ у Тожикистон томони қайси бандларга қарши чиққанини очиқламаган.

Маълумот учун, Афғонистон можаросини ҳал қилиш бўйича “Москва формати”нинг биринчи учрашуви 2017 йилнинг апрель ойида бўлиб ўтган эди. Тадбирда Россия Федерацияси ва Афғонистон вакилларидан ташқари яна тўққиз давлат Ташқи ишлар вазирларининг ўринбосарлари ва махсус вакиллари иштирок этган. “Москва формати”нинг асосий мақсади Афғонистонда миллий ярашув ва тинчлик жараёнига кўмаклашишдир.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россиянинг “Толибон”ни тан олиш шартлари ҳақида хабар бергандик.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Толибон Москва формати

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг