Россия “Толибон”ни тан олиши мумкин, аммо...
Олам
−
28 Сентябрь 2023
11883Келажакда Россия “Толибон”нинг муваққат ҳукуматини тан олиши мумкин, аммо унинг вакиллари ўз мажбуриятларини бажариш орқали бунга эришишлари керак. Бу ҳақда Россия Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили, Ташқи ишлар вазирлигининг Осиё бўйича иккинчи департаменти директори Замир Кабулов RTVI телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
“Толиблар эътирофга лойиқ бўлиши, яъни этносиёсий инклюзив ҳукумат яратиш чақириғига жавоб беришга тайёр эканликларини амалда исботлаши керак. Агар улар бу қадамни қўйса, бу Россия томонидан “Толибон” режимининг эҳтимолий тан олинишига йўл очади. Айнан шунинг учун ҳам Афғонистоннинг Москвадаги элчихонасига Афғонистоннинг вақтинчалик ишлар вакили раҳбарлик қилмоқда – биз элчини қабул қила олмаймиз, чунки биз “Толибон” ҳукуматини тан олмаймиз”, деган Кабулов.
Москва форматидаги йиғилишдан сўнг Россия “Толибон”ни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқаришни эълон қилишни режалаштиряптими, деган саволга жавоб берар экан, Кабулов бундай эълонлар режалаштирилмаган ва кутилмаганини билдирди. Шу билан бирга, у ҳеч қандай келишувлар тузилиши кутилмаслигини қўшимча қилди ва бу тадбир айнан сиёсий мулоқот эканини урғулади.
“Биз йиғилиш якунлари бўйича баёнот қабул қилмоқчимиз”, дея хулоса қилди Президентнинг махсус вакили.
Афғонистон бўйича Москва форматидаги учрашув эртага, 29 сентябрь куни Қозон шаҳрида бўлиб ўтади. Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарованинг маълум қилишича, учрашув чоғида Афғонистондаги мавжуд вазият, афғонлар ичидаги ярашув, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва мамлакатни можародан кейин тиклаш масалалари муҳокама қилинади. Унинг сўзларига кўра, тадбир якунлари бўйича томонларнинг қўшма баёноти қабул қилиниши кутилмоқда. АҚШ вакиллари учрашувга кузатувчи сифатида таклиф этилмаган. Захаровага кўра, кенгайтирилган “учлик” (АҚШ, Покистон, Хитой) формати амалда ишламаяпти, унинг ўрнини Россия, Хитой, Покистон ва Эроннинг биргаликдаги ҳамкорлиги эгаллаган.
Афғонистон бўйича Москва форматига Россия, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон киради. Аввалги учрашув ўтган йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь