Монополияга қарши кураш қўмитаси GM Uzbekistan’га дакки берди
Жамият
−
11 Апрель 2019
7386Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси истеъмолчиларнинг мурожаатларига асосан 2018 йилнинг ноябрь ойидана бошлаб, реализация қилинган автомашиналар комплектацияларида етишмовчиликлар ҳолатлари аниқлаш билан шуғулланишни бошлаган ва аниқланган камчиликларни бартараф этилиши устидан алоҳида назорат ўрнатган.
Ўрганишлардан сўнг, Монополияга қарши кураш қўмитаси монопол мавқега эга GM Uzbekistan’нинг тутган позицияси, унинг корпоратив маданияти ва қадриятларига нисбатан бир қанча саволларни юзага келтирмоқда, деб баёнот берди .
Маълумки, автомобиль ишлаб чиқариш индустриясида фаолият юритаётган глобал компаниялар одатда камчиликлар аниқланганда сотувга чиқарилган автомобилларни оммавий тарзда қайтариб оладилар ва зудлик билан нуқсонларни бартараф этадилар. Энг асосийси, уларнинг бизнес юритиш ананаларига кўра улар истеъмолчилар ва мижозлардан ошкора оммавий тарзда узр сўрайдилар (мисол учун, Toyota, Volkswagen ва бошқа компаниялар). Бу эса, ушбу компанияларда юқори корпоратив маданият, бизнес-этикаси ва ижтимоий жавобгарлик стандартлари жорий этилганлигидан далолат беради.
Бироқ, GM Uzbekistan АЖни хатти-ҳаракатларида қуйидагини кузатиш мумкин.
Хусусан, комплектацияларида етишмовчиликлар мавжуд бўлган автомашиналар оммавий тарзда қайтариб олинмаган ёки етишмовчилик тўғрисида тегишли тартибда эълон қилинмаган, ушбу вазият бўйича кўп ҳолатларда истеъмолчиларга тегишли тарзда маълумотлар берилмаган, уларни бартараф этиш учун қулайликлар яратилмаган, масалан, Тошкент вилоятининг Бекобод (узоқлик – 150 км), Бўка (80 км), Чирчиқ шаҳарларида (100 км) автомобиль харид қилган истеъмолчилар туманга қарши ёритгич ўрнатиш учун Чиноз туманига келишга мажбур бўлганлар, камчиликни бартараф этиш муддатлари чўзиб юборилган. Шунингдек, алоҳида ҳолатларда 2018 йилнинг октябрь ойида сотиб олинган автомобилларга бугунги кунга (6 ой ўтган) қадар комплектацияни бутлаш иши амалга оширилмаган.
Юқорида келтирилган ҳолатлар, бозорда муайян хўжалик юритувчининг монопол мавқеи вужудга келиши унинг истеъмолчилар олдидаги масъулияти пасайишини келтириб чиқаришига яна бир бор далил бўлмоқда.
Қайд этилишича, Монополияга қарши курашиш қўмитаси бундан кейин ҳам шунга ўхшаш ҳолатларни аниқлашни ва уларни қонунчиликда кўзда тутилган барча воситалар орқали батараф этиш бўйича ишларни ва бу билан истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлашни давом эттиради.
Ушбу мақсадда, истеъмолчиларнинг мурожаатлари учун махсус телефон линияси ташкил қилинган: (71) 241 76 17, электрон манзил: info@antimon.gov.uz
LiveБарчаси
26 Ноябрь