Қирғизистонда интернет устидан давлат монополияси ўрнатилди

Олам

image

Қирғизистонда халқаро интернет-трафик устидан давлат монополияси жорий қилинади ва порнографик материаллар жойлаштирилган сайтлар тақиқланади. Бу ҳақда мамлакат Президенти Садир Жапаров имзолаган “Давлат корхоналарини самарали бошқаришни ташкил этиш ҳамда рақамли ва телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонда сўз боради.

“2025 йил 15 августдан 2026 йил 14 августгача Қирғиз Республикаси ҳудудида халқаро интернет-трафикни етказиб бериш ва тақдим этиш бўйича вақтинчалик 100 фоизлик давлат монополиясини ўрнатиш бўйича синов тартиби жорий этилади”, дейилади Президент фармонида.

Интернетда порнографияни тарқатишни тақиқловчи қонун ҳам август ойида кучга киради (у жорий йилнинг 28 июлда эълон қилинган бўлиб, ўн кун ўтиб кучга киради).

Халқаро интернет-трафик устидан давлат монополиясини назарда тутувчи фармонга кўра, унинг етказиб бериш ҳуқуқи фақат “ЭлКат” МЧЖга берилади. Бу йирик маҳаллий интернет-провайдер бўлиб, жорий йилда давлат мулкига ўтказилган. Бошқа провайдерлар интернет-трафикни етказиб бериш бўйича шартномаларни унга топшириши керак бўлади. Бундан ташқари, яна бир провайдер – “Акнет” ҳам “ЭлКат” мулкига ўтади.

Расмий баёнотда айтилишича, бу қарор “самарали бошқарувни ташкил этиш” ва “доимий технологик ўзгаришлар”ни ҳисобга олган ҳолда “рақамли трансформацияни янада такомиллаштириш учун шарт-шароитлар яратиш” учун қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Президенти Садир Жапаров судланган шахсларнинг давлатнинг юқори лавозимларида ишлашини тақиқловчи “Қирғизистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонунини имзолаган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон монополия интернет

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг