Қирғизистонда судланган шахсларнинг давлат лавозимида ишлаши тақиқланди

Олам

image

Қирғизистонда судланган шахсларнинг давлатнинг юқори лавозимларида ишлаши тақиқланди. Бу ҳақда бугун, 29 июль куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров имзолаган “Қирғизистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонунда сўз боради.

Қайд этилишича, қонуннинг мақсади давлат ҳокимияти органларига фуқароларнинг ишончини ошириш, юқори мартабали шахслар ва махсус мақомга эга давлат вакиллари орасида бенуқсон обрў-эътиборни шакллантириш, шунингдек, қонун устуворлигини таъминлаш.

Қонуннга кўра, эндиликда судланган шахслар қуйидаги лавозимларга сайлана олмайди:

  • Қирғизистон Республикаси Президенти лавозимига;
  • Жогорку Кенеш депутатлигига;
  • Вазирлар Маҳкамаси раиси ва унинг аъзолари, бошқа ижро ҳокимияти раҳбарлигига;
  • Марказий сайлов ва референдумлар комиссияси аъзолигига;
  • Миллий банк раиси, унинг ўринбосарлари ва бошқарув аъзолигига;
  • Ҳисоб палатаси аудиторлигига.

Шунингдек, диний арбоблар диний фаолиятларини тўхтатган кундан бошлаб 5 йил ичида президентлик ёки депутатлик лавозимига номзод бўлиш ҳуқуқига эга эмас.

Қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб ўн кундан кейин кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Жогорку Кенешига коррупция жинояти учун судланган шахсларнинг давлат раҳбарлик лавозимларини эгаллашини умрбод тақиқлашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси киритилгани хабар қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон давлат лавозими

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг