МОҚ раҳбарияти Осиё Олимпия кенгаши йиғилишида қатнашди
Спорт
−
27 Ноябрь
4132Қувайтда Осиё Олимпия кенгаши (ООК) Ижроия қўмитасининг 90-йиғилиши ўтказилди. Ташкилот фаолиятининг яқин келажакдаги режалари, олдинда турган йирик комплекс мусобақалар тайёргарлигига доир масалалар кўриб чиқилган йиғилишда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси вакиллари ҳам қатнашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси (МОҚ) матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда Ўзбекистон номидан ООК вице-президенти, МОҚ раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров ва мамлакат дзюдо федерацияси раиси Азизжон Комилов иштирок этди.
Йиғилиш кун тартибидан Аичи-Нагоя-2026 ёзги Осиё ўйинларининг ташкилий масалаларига оид сўнгги янгиликлар ва уларнинг муҳокамаси ўрин олди. Масъуллар мавзу бўйича ўз тақдимотларини намойиш этди. Шунингдек, тадбирда ООК доимий қўмиталари ўз фаолияти юзасидан ҳисобот берди. Қолаверса, Осиё Олимпия кенгаши ҳамда Қувайт ҳукумати ўртасида ташкилот штаб-квартирасининг автономлиги бўйича келишув имзоланди.
Хизмат сафари давомида Қувайт давлати ҳамда Олимпия оиласининг юқори мартабали аъзолари, ООК раҳбарияти билан ўзаро ҳамкорлик масалаларига оид учрашувлар бўлиб ўтди. Унда ташкилотлар ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш ҳақида сўз борди.
LiveБарчаси