ММА бўйича илк бор ҳаваскорлар ўртасида Марказий Осиё чемпионати Нукусда ўтказилади
Спорт
−
08 Октябрь 2021
3205Эртага, 9 октябрь куни Нукус шаҳридаги 1-сонли Болалар ва ўсмирлар спорт марказида аралаш жанг санъатлари (ММА) бўйича ҳаваскорлар ўртасида биринчи Марказий Осиё чемпионатига старт берилади.
Илк марта ўтказилаётган мусобақа Марказий Осиё аралаш жанг санъатлари Конфедерацияси (CАММАC), Халқаро аралаш жанг санъатлари федерацияси (IMMAF) ва Ўзбекистон жанг санъатлари ассоциацияси (UMMAA) билан ҳамкорликда ташкил қилинмоқда. Табиийки, турнирда мазкур ташкилотга аъзо бўлган, 5 мамлакат – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжон вакиллари ғолиблик учун баҳс олиб боради. CАММАC ташкилотига 2020 йилнинг 9 февраль куни асос солинган.
Турнирда спортчилар 10 та вазн тоифасида баҳсларга киришади. Жанглар ҳар бири 3 дақиқадан 3 раунд давом этади.
Ўзбекистон терма жамоа сафида Ҳумоюншоҳ Зокиров, Беҳруз Исроилов, Ҳусниддин Сатторов, Шукрулло Рустамов, Беҳруз Акбаров, Мунис Мўминжонов, Икром Эржанов каби жами 20 нафар ҳаваскор жангчилар баҳсларда қатнашади.
Маълумот учун, финал жанглари жорий йилнинг 10 октябри куни ўтказилади.
Бугун, 8 октябрь куни Нукус горнизонидаги ҳарбий қисм маданият саройида ўтказилган матбуот анжуманида Халқаро аралаш жанг санъатлари федерацияси президенти Кеннит Браун сўзга чиқиб, спорт турларига берилаётган эътибор, спортчилар учун яратилаётган шароитлар туфайли халқаро майдонларда ўзбек спорти нуфузи ортиб бораётганлиги ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.