МХҚнинг собиқ раисини ҳибсда сақлаш муддати узайтирилди
Олам
−
27 Октябрь 2022
14020Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари республика Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ раҳбари Карим Масимов ҳамда идоранинг бошқа собиқ раҳбарларини ҳибсда сақлаш муддатини 6 декабрга қадар узайтирди. Бу ҳақда бугун, 27 октябрь куни Казинформ ахборот агентлиги хабар берди.
“К.К.Масимов ва А.Т.Садиқуловни ҳибсда сақлаш муддати тергов суди томонидан 6 декабргача, Д.Е.Ергожинни 13 декабргача, М.С.Осиповни 22 декабргача узайтирди”, дейилади МХҚ агентлик сўровига жавобан.
Масимов қўмита раислигидан мамлакатдаги тартибсизликлар туфайли Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг 5 январдаги фармони билан ишдан бўшатилди. 8 январь куни МХҚ Масимов давлатга хиёнатда гумон қилиниб, ҳибсга олинганини эълон қилди.
13 январ куни махсус хизматлар МХҚ раисининг собиқ ўринбосари – “А” махсус мақсадли хизмати бошлиғи Ануар Садиқулов ва МХҚ раисининг собиқ ўринбосари Даулет Ергожинни қўлга олди. Бундан ташқари, 22 февраль куни ушбу бошқарма бошлиғининг яна бир собиқ ўринбосари Марат Осипов ҳам ҳибсга олинган.
Қозоғистон МХҚ ходимлари 25 август куни бошқарманинг собиқ раҳбариятига қарши жиноий иш бўйича терговни якунлади. Масимов ва Садиқуловнинг қилмишлари давлатга хиёнат, ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олиш ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш моддалари билан квалификация қилинди. Ергожиннинг қилмишлари “Ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олиш” ва “Ҳокимият ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш” моддалари, Осипов “Ҳокимият ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш” моддаси бўйича квалификация қилинган.
Қозоғистондаги намойиш
Қозоғистонда 2022 йилнинг биринчи кунларида оммавий норозилик намойишлари бошланди — мамлакат ғарбидаги Жанаозен ва Ақтау шаҳарлари аҳолиси суюлтирилган газ нархининг икки баробар ошишига қарши чиқди. Кейинчалик норозилик намойишлари бошқа шаҳарларга, жумладан, эски пойтахт ва Республиканинг энг йирик шаҳри Олма-отага ҳам тарқалди: у ерда талончилик бошланди, намойишчилар давлат муассасаларига ҳужум қилишди, қурол-яроғларни олиб кетишди. Бунга жавобан расмийлар 19 январга қадар бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди ва аксилтеррор операциясини бошлади. БМТ маълумотларига кўра, Қозоғистондаги намойишлар чоғида 1000 га яқин одам жароҳатланган. Мамлакат Бош прокуратураси маълумотларига кўра, тартибсизликлар натижасида 4578 киши жароҳатланган, 225 киши ҳалок бўлган, улардан 19 нафари хавфсизлик хизмати ходимлари.
5 январь куни эрталаб Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳукуматни истеъфога чиқарди ва Хавфсизлик кенгашига ўзини раҳбар этиб тайинлади. Ўз раҳбарлигидаги Хавфсизлик кенгашининг биринчи йиғилишида Тўқаев Қозоғистондаги вазиятни давлат яхлитлигига путур етказувчи деб баҳолади ва “террорчилик таҳдидини енгишда” КХШТдан ёрдам сўраганини айтди. КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши мамлакатдаги вазиятни нормаллаштириш учун Қозоғистонга коллектив тинчликпарвар кучларни юборишга қарор қилди.
7 январь куни Тўқаев террорчилар, жумладан, хориждан келганлар ҳам қаршилик кўрсатишда давом этаётганини айтиб, қуролини ташламаганларни йўқ қилишга ваъда берди. Бундан ташқари, Президент фуқароларнинг тинч шаклда билдирилган барча талаблари тингланганини таъкидлади.
13 январь куни КХШТ миссияси муваффақиятли якунлангани эълон қилинди. 19 январь куни Қозоғистон Мудофаа вазирлиги Республикада хорижлик ҳарбий хизматчилар қолмаганини очиқлади.
LiveБарчаси