Миямиз бизни алдайди: Клеопатра ва Миср пирамидалари бир даврда бўлмаган
Бу қизиқ
−
23 Июнь 2023
15114Бизнинг сайёрамиз 4,5 миллиард ёшдан ошган. Бу давр давомида жуда кўп воқеалар содир бўлганки, баъзида биз вақт чегараларини идрок қилишда чалкашликларга дуч келамиз. Мисол учун, миямизда мамонтлар ғор одамлари даврида нобуд бўлгандек таассурот мавжуд. Аммо аслида, илк ғор одамлари бундан 10 минг йил аввал яшаган. Мамонтларнинг сўнгги авлоди эса бундан 4 минг йил аввал яшаган. Бу чалкашликларни ойдинлаштириш учун ҳар хил ҳодисаларни бир-бири билан солиштириш кифоя. Қуйида шундай мисоллар билан танишасиз.
Миср маликаси Клеопатра тасаввуримизда пирамидалар мавжуд бўлган даврда яшагандек ва ҳатто уларнинг қурилишига дахлдордек гавдаланади. Аммо энг катта Миср пирамидаси Гиза милоддан аввалги 2570 йилда қурилган. Клеопатра эса милоддан аввалги 69 йилда туғилган. Бу ўртада оз эмас, кўп эмас — 2501 йил фарқ борлигини англатади. Малика туғилганидан деярли шунча вақт — 2044 йил ўтиб, 1975 йилда Microsoft компанияси ташкил этилган. Демак, Клеопатра ва Миср пирамидалари орасида малика ва Microsoft ўртасидагича фарқ бор.
Таниқли “Paramout Pictures” кинокомпанияси замонавий фильмографиянинг яққол мисоли, тўғрими? Аммо у Усмонли Турклар империяси даврига дахлдор, десак, нима дейсиз? Гап шундаки, компанияга 1912 йилда “Famous Player Films Company” номи билан асос солинган. Бу даврда эса Усмонли Турклар империяси ҳали 3 та қитъада ҳукмронлик қиларди.
Tiffany бренди ҳақида эшитмаган аёл бўлмаса керак. Компания ҳашаматли заргарлик буюмлари билан машҳур. Унга 1837 йилда Чарлз Люис Тиффани томонидан асос солинган. Унинг тарихи эса Италия Қироллигидан ҳам узоқроқдир. Қиролликка бренддан 24 йил кейин 1861 йилда асос солинган.
Шундай қилиб, миямиз бизнинг виртуал тасаввурларимиз орқали алдай олади. Бир даврда содир бўлган бир нечта воқеани солиштириш орқали бу чалкашликка барҳам бериш мумкин.
Севара Ҳусниддинова
LiveБарчаси