4 минг фаластинлик боланинг ўлдирилиши ҳали етарли эмас – Обаманинг ёрдамчиси
Олам
−
23 Ноябрь 2023
14515Интернетда АҚШ Давлат департаментининг собиқ ходими ва АҚШнинг 44-президенти Барак Обаманинг маслаҳатчиси Стюарт Селдовицнинг Нью-Йорк кўчаларидан бирида мисрлик сотувчига 4 минг фаластинлик бола ўлдирилган бўлса, бу ҳали етарли эмаслигини айтаётгани тасвирланган видеолар пайдо бўлди.
Видеолардан бирида у сотувчини “террорчи” деб атаган. Селдовиц сотувчининг ҲАМАСни қўллаб-қувватлашини иддао қилади ва ҳатто унинг Мисрдаги ота-онасининг ҳаётига ҳам таҳдид қилади. Сотувчининг айтишича, Америка маъмуриятининг собиқ ходими киоскка келиб, уни ҳақорат қилиши бир неча бор такрорланган.
“Биз уни таъқиб қилиш ва нафрат қўзғаганликда айблаб судга бермоқчимиз. Мен бу сўз эркинлиги эмас, балки нафрат қўзғатиш эканига ишонаман”, дейди киоск эгаси Ислом Мустафо.
Интернетда тарқалган видеолар фонида Нью Йорк полицияси Селдовицни ҳибсга олган ва унга нисбатан нафрат жинояти бўйича тергов бошлаган.
"The New York Post"нинг ёзишича, Селдовиц оғирлаштирилган таъқиблар, нафратга асосланган таъқиблар ва қўрқитиш мақсадида таъқиб қилишда айбланган. Ушбу айбловларнинг ҳар бири бир йилгача қамоқ жазосига сабаб бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, Gotham Government Relations лобби фирмаси ҳам Селдовицнинг сўзлари туфайли у билан ишлашни тўхтатган.
Маълумот учун, 64 ёшли Селдовиц АҚШнинг 44-президенти Барак Обама маъмурияти даврида Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг Жанубий Осиё бўйича директори вазифасини бажарган.