Мисрда 22 километрлик сув йўлларига эга янги шаҳар қурилади
Олам
−
12:08 604 2 дақиқа
Мисрнинг Ўрта Ер денгизи соҳилида, Марса-Матруҳ шаҳри яқинида “Alam al-Roum” номли янги шаҳар барпо этилиши режалаштирилмоқда. Лойиҳа 20,6 квадрат километр майдонни қамраб олади. Бу ҳақда “Naked Science” хабар берди.
Лойиҳага кўра, шаҳарда денгиз билан туташган лагуналар ва бошқа сув йўллари ташкил этилади. Уларнинг умумий узунлиги 22 километр бўлади. Сув ҳавзалари турар жойлар ва жамоат бинолари орасидан ўтади. Шу билан бирга, улар кучли ёмғир пайтида тўпланадиган сувларни йиғиш ва оқизиш вазифасини ҳам бажаради.
Шаҳарни лойиҳалашда Мисрнинг шимолий соҳилига хос табиий шароит ва иқлим ҳисобга олинган. Бинолар ҳамда жамоат жойлари денгиздан эсадиган салқин шамол ва табиий қуёш нуридан самарали фойдаланиш имконини берадиган тарзда қурилади.
Шунингдек, денгиз сатҳининг ўзгариши ва соҳилдаги табиий шароит инобатга олиниб, шаҳар ҳудудини денгиз сатҳидан баландроқ кўтариш режалаштирилган.
Қирғоқни ҳимоя қилишда ҳам табиий усуллардан фойдаланилади. Хусусан, соҳил бўйлаб ўсимликлар экилади, ёмғир сувини йиғиш ва тозалаш учун ботқоқлик ҳудудлари ташкил этилади. Қум тепаликлари мустаҳкамланиб, қирғоқнинг табиий экотизимлари тикланади.
Лойиҳа Qatari Diar қурилиш ва кўчмас мулк компанияси буюртмаси асосида ишлаб чиқилган. Alam al-Roum шаҳрида пляжлар ва лагуналар бўйида турар жойлар, шаҳар марказлари, меҳмонхоналар, дам олиш мажмуалари, гольф майдонлари, таълим муассасалари учун ҳудуд ҳамда бизнес маркази қурилиши кўзда тутилган.
Шаҳарнинг асосий йўли кенг булвар бўлади. У Ўрта Ер денгизи соҳилида жойлашган халқаро яхталар портини шаҳар ичкарисидаги транспорт маркази билан боғлайди. Лойиҳа муаллифлари Alam al-Roum’ни йил давомида сайёҳлар ташриф буюрадиган маданият ва туризм марказига айлантиришни мақсад қилган. Шу мақсадда соҳил ҳудудида маданий тадбирлар ўтказишга мўлжалланган майдон, амфитеатр, яхта клуби, масжид ва бозорлар барпо этилади.
Қурилишнинг биринчи босқичи 2030 йилда бошланиши кутилмоқда. Ушбу босқичда тўрт квадрат километр майдон ўзлаштирилади. Бу ҳудудда пляжлар, очиқ денгиз билан туташган лагуналар ва шаҳар марказида яхталар портини қуриш режалаштирилган.
Маълумот учун, сўнгги йилларда Миср Қоҳиранинг шарқий қисмида янги маъмурий пойтахт қурилишини ҳам бошлаган. Шаҳарнинг дастлабки лойиҳаси SOM меъморлик бюроси томонидан ишлаб чиқилган, кейинчалик эса халқаро қурилиш консалтинг компанияси Dar al-Handasah Shair & Partners томонидан такомиллаштирилган.
Live
Барчаси