Миср Президенти Ливияга бостириб кириши мумкинлигини айтди
Олам
−
21 Июнь 2020
9506Миср Президенти Абдул Фаттоҳ Ас-Сиси мамлакатнинг қўшни Ливиядаги ишларга аралашувини қонуний деб ҳисобламоқда. У бу ўринда ҳарбий аралашувни ҳам инкор қилмаяпти. Бу ҳақда “Sky News Arabia” хабар берди.
У Ливия билан чегара яқинидаги қуруқлик қўшинларининг Сиди-Баррани базасига ташрифи вақтида шундай баёнот берди.
Унинг сўзларига кўра, Мисрнинг Ливиядаги ишларга ҳар қандай аралашуви қонуний ва чегараларни ҳимоя қилиш учун, шунингдек, қон тўкишларни тўхтатиб, БМТ шафелигида сиёсий жараёнларни бошлаш мақсадида амалга оширилади.
“Мамлакат ичида ёки зарурат туғилса, бизнинг чегараларимиз ортида ҳар қандай вазифани бажаришга тайёр туринг”, деган Ас-Сиси.
Таъкидлаш керакки, Миср етакчиси Ливиядани можароларда БМТ томонидан тан олинган Фаиз Саррож бошчилигидаги Ливия Миллий бирдамлик ҳукуматини эмас, унга қарши курашаётган Халифа Ҳафтар кучларини қўллаб-қувватлайди. Ўз навбатида Ливия шарқида бошқарувни амалга оширувчи парламент Ас-Сисининг мамлакатга бостириб кириш режасини маъқуллаган.
Маълумот учун, 2011 йилда Муаммар Қаззофи ўлдирилганидан кейин Ливия ягона давлат бўлмай қолди. Ҳозир ҳам мамлакатда қўшҳокимиятчилик мавжуд. Шарқда парламент бошқаруви, пойтахт Триполида БМТ ва Европа Иттифоқи кўмагида шакллантирилган Фаиз Саррож бошчилигидаги Миллий бирдамлик ҳукумати бошқарувни амалга оширади.
Мамлакат шарқидаги ҳокимият вакиллари Триполидан мустақил фаолият олиб боради ва Халифа Ҳафтар билан ҳамкорлик қилади. Халифа Ҳафтар 2019 йил апрель ойидан бери Триполини эгаллашга ҳаракат қиляпти.
Бугунгача Ливияда уруш ҳаракатини тўхтатиш учун ҳаракат қилинди. Хусусан, Россия ва Туркия Саррож ва Ҳафтарни музокаралар столига олиб келди. Бироқ ЛМА қўмондони якуний битимни имзолашдан бош тортди.
Сўнгги вақтларда эса Туркиянинг қўллаб-қувватлаши натижасида ҳукумат қўшинлари Ҳафтар кучларини танг аҳволга солиб қўя бошлади. Миср Президентининг Ливияга бостириб кириш ҳақидаги баёноти Ҳафтарга ўзини тиклаб олиши учун вақтдан ютиш мақсадида қилинган бўлиши эҳтимоли йўқ эмас.
LiveБарчаси