Миср “Макка пакти”га қўшилиши мумкин – Эрдўған
Олам
−
18:54 494 3 дақиқа
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Миср яқинда Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон томонидан Макка шаҳрида имзоланган қўшма мудофаа келишувига қўшилиши мумкинлигини билдириб, Қоҳиранинг аъзо бўлиши “эҳтимолдан холи эмаслиги” ва пакт бошқа аъзолар учун ҳам очиқ эканини қайд этди. Бу ҳақда у “Al Jazeera Arabic” телеканалида якшанба куни кечқурун эфирга узатиладиган “Аль-Муқабала” кўрсатуви учун берган интервьюсида сўз очди.
Эрдўған Макка қўшма мудофаа битими иштирокчилардан бирортасига ташқи ҳужум бўлган тақдирда томонларни бирлашган қадамлар ташлашга мажбур қилишини айтган.
“Ушбу келишув дунёга муҳим хабар юборди”, дейди Эрдўған ва Мисрнинг иштироки унинг келажакдаги кенгайиш имкониятларидан бири эканини қўшимча қилган.
Туркия етакчиси бир қатор минтақавий масалалар, жумладан, Ҳормуз бўғози атрофидаги кескинлик, шунингдек, Сурия, Ғазо ва Ливандаги урушлар ҳақида тўхталиб ўтган Туркия етакчиси бўғознинг қайта очилиши Анқара учун устувор вазифа эканини айтиб, унинг ёпиқ қолиши ҳеч кимнинг манфаатларига хизмат қилмаслигини таъкидлаган. У минтақадаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича воситачилик ҳаракатларида Қатар муҳим роль ўйнаганини эътироф этган.
Эрдўған Туркия ўз қўшниларини минтақавий беқарорлик қаршисида ёлғиз қолдирмаслигига ваъда бериб, айниқса Сурия, Ғазо ва Ливанни алоҳида таъкидлаб ўтган. У Анқара Сурияда барқарорликни қўллаб-қувватлаш учун қўлидан келган барча ишни қилишини, ушбу мамлакатга ташриф буюриш режаси борлигини ҳамда Сурия курдлари “тинчлик ва барқарорликдан ўз улушини олишини” қайд этган. Туркия, шунингдек, курд жамоалари билан алоқаларни мустаҳкамлашда ва бутун минтақа бўйлаб уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давом этади, деб қўшимча қилган у.
Ғазо масаласига тўхталар экан, Эрдўған Туркия “Ғазони ёлғиз ташлаб қўя олмаслигини” ва уни қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган ҳамма нарсани қилишини айтган. Унинг таъкидлашича, Исроил урушни давом эттираётган бир пайтда, ҲАМАС ўз мажбуриятларини ҳалоллик билан бажармоқда.
Ливан мавзусига ўтар экан, Туркия Президенти Исроилнинг давом этаётган ҳужумлари Анқара учун жиддий хавотир манбаи эканини билдирган. У АҚШ Президенти Дональд Трампнинг яқинда Туркияга қилган ташрифи чоғида Ливандаги урушга чек қўйиш зарурлиги масаласини кўтарганини айтиб, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишда Вашингтоннинг роли муҳимлигини таъкидлаган.
Эрдўған Туркия Суданни қўллаб-қувватлашда давом этишини айтган ва унинг Суверен кенгаш раҳбари Абдул Фаттоҳ ал-Бурҳон билан муносабатларини яхши деб баҳолаган. У Анқаранинг Ливия билан муносабатлари барқарор эканини ва Туркия уни ташлаб қўймаслигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, “Макка пакти” номи билан ҳам танилган ушбу битим жорий йилнинг 7 август куни муқаддас шаҳарда Эрдўған, Муҳаммад бин Салмон ва Шаҳбоз Шариф томонидан имзоланган эди. Унда уч мамлакатдан бирига қилинган қуролли ҳужум уларнинг барчасига қилинган ҳужум сифатида баҳоланиши белгилаб қўйилган бўлиб, таҳлилчилар ушбу жамоавий тийиб туриш бандини НАТОнинг 5-моддасига қиёсламоқда. Бироқ Исломободдаги расмийлар буни НАТО аналоги ёки бирор бир муайян давлатга қарши қаратилган деб талқин қилмасликка чақирган.
Live
Барчаси