Миср Ғазо қочқинлари учун чегарасини очмайди

Олам

image

Миср ҳукумати Ғазо секторидан қочқинлар ва кўчирилаётганлар ўтиши учун йўлак очмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда Миср хавфсизлик хизматидаги манбаларига таяниб, Исроилнинг “The Jerusalem Post” газетаси хабар берди.

Қайд этилишича, кўпинча Исроил ва Фаластин ўртасида воситачи бўлиб келган Қоҳира ҳамон улардан “ўз чегараларидаги можароларни ҳал қилиш”ни талаб қилмоқда, чунки буни “Фаластиннинг давлатчилик ҳуқуқини таъминлаш”нинг ягона йўли деб ҳисобламоқда. 

“Миср АҚШ ва бошқа давлатлар билан ўз чегаралари орқали Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказиш режаларини муҳокама қилди, бироқ анклавни тарк этаётган қочқинлар учун хавфсиз йўлаклар яратиш бўйича ҳар қандай қадамлардан бош тортди”, дея таъкидлайди газета.

Миср ва БМТ аввалроқ Ғазо секторидаги гуманитар вазиятнинг ёмонлашувини қабул қилиб бўлмас деб ҳисоблаб, тинч аҳолини ҳимоя қилиш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини маълум қилган. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш мавжуд вазият минтақа хавфсизлигига реал таҳдид солаётганидан хавотир билдириб, Мисрнинг Фаластин анклавига гуманитар ёрдам етказилишини осонлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини олқишлади. Шунингдек, БМТ Қоҳира билан Мисрдан Ғазога гуманитар ёрдам етказиш йўлакларини яратиш устида иш олиб бораётганини айтди.

Шу билан бирга, Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби Қўшма Штатлар Миср ва Исроил билан қочқинларнинг Ғазодан чиқиб кетиши учун йўлак яратиш имкониятини фаол муҳокама қилаётганини айтди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Америка Қўшма Штатлари бошқа қатор давлатлар билан биргаликда Ғазо секторидан фаластинликлар ва америкалик фуқароларни эвакуация қилиш учун гуманитар йўлак яратиш устида ишлаётгани хабар қилинганди.

Исроил-Фаластин можароси

Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошланганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.

Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди.  9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди. 

Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди.  Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.

Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Миср Фаластин Исроил Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг