Мишустин Пезешкиён билан учрашди (видео)

Олам

image

Россия Бош вазири Михаил Мишустин Эронга расмий ташрифи давомида мамлакат Президенти Масъуд Пезешкиён билан учрашди. Бу ҳақда Россия ҳукумати расмий сайтида хабар берилди.

Томонлар ҳамкорликнинг асосий йўналишларини муҳокама қилган ва икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик юқори суръатларда ривожланаётганини қайд этган. Россия ҳукумати раҳбарининг айтишича, 7 ой ичида товар айирбошлаш 6,5 фоизга ошган. Бироқ ҳамкорликни чуқурлаштириш имкониятлари бу соҳа билан чекланиб қолмайди. У, шунингдек, бу унинг Теҳронга Бош вазир сифатидаги илк ташрифи эканини таъкидлади.

Ўз навбатида, Масъуд Пезешкиён икки томонлама муносабатларнинг яхши қўшничилик хусусияти ва уларни мустаҳкамлаш зарурлиги ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, Москва ва Теҳроннинг позициялари йирик халқаро муаммолар бўйича мос келади. Президент, шунингдек, BRICS ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг жаҳон миқёсидаги етакчи ролини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён “Янги дунёга менинг хабарим” деб номланган шахсий фикрлари акс этган мақоласини эълон қилганди. Унда минтақадаги можаро ва беқарорлик шароитида Эронда тартибли ва тинч сайловлар ўтказиш орқали мамлакатнинг фавқулодда барқарорлигига эришилганига тўхталиб ўтилган. Президент ўз мақоласида Хитой ва Россия Эронни қийин пайтларда ҳам доимий равишда қўллаб-қувватлаганини айтиб, Хитой билан тузилган 25 йиллик режа ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун муҳим қадам эканини тушунтирган. Россияни эса “қиммат стратегик иттифоқчи” деб атаган.

Шунингдек, Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков Қўшма Штатларни Россия Федерацияси ва Эрон ўртасидаги ҳарбий-техник ҳамкорликка “бурнини тиқиштирмасликка” чақирган. Рябковга кўра, мамлакатларнинг ҳамкорлиги вақт синовидан ўтган, унда халқаро мажбуриятлар нуқтаи назаридан бирор нарсани бузадиган ёки кимнингдир хавфсизлигига ёки минтақавий мувозанатига салбий таъсир кўрсатадиган элементлар мавжуд эмас. Унинг қўшимча қилишича, Россия ва Эрон ўртасидаги ҳамкорлик сиёсат, иқтисодиёт ва транспорт соҳаларида жуда узоққа чўзилган.

Август ойида Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгуни қабул қилган ва улар икки томонлама келишувларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилганди.

23 сентябрь куни эса Пезешкиён БМТ Бош ассамблеяси чоғида Европа давлатлари ва АҚШ вакиллари билан Украинадаги вазиятни муҳокама қилишга тайёр эканини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Михаил Мишустин Масъуд Пезешкиён

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made