Мирзиёевни ҳақорат қилган 18 ёшли йигит жазоланди
3-саҳифа
−
10 Октябрь 13876 2 дақиқа
Instagram’да Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни ҳақоратлаб изоҳ қолдирган 18 ёшли йигит жазоланди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжатлари билан танишди.
Суд ҳужжатида келтирилишича, Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида яшовчи 18 ёшли судланувчи ўзига тегишли Instagram профили орқали Ўзбекистоннинг Биринчи ва амалдаги Президентлари тасвирланган фотосурат остида Шавкат Мирзиёевга нисбатан ҳақоратомуз мазмундаги изоҳ қолдирган.
Суд-сиёсатшунослик лингвистик экспертизаси хулосасига кўра, изоҳда Президентга қарши қаратилган, унинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи, обрўсизлантирувчи фикрлар, ғоялар ва сўзлар мавжудлиги аниқланган.
Нима учун бундай изоҳ қолдиргани ва мақсади нима бўлгани ҳақидаги саволга судланувчи ҳеч қандай мақсад бўлмагани, изоҳни ўйламасдан ёзганини айтган. У айбига тўлиқ иқрорлик билдирганди.
Суд айбланувчини Жиноят кодексининг 158-моддасининг 3-қисми (Ўзбекистон Президентини интернетдан фойдаланган ҳолда ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш) билан айбли деб топиб, унга нисбатан 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.
Шунингдек, унинг зиммасига қуйидаги қўшимча чекловлар юклатилди:
Алкоголли ичимликлар истеъмол қиладиган ва кўнгилочар жойлар (кафе, бар, ресторанлар)га бормаслик;
- оммавий тадбирлар (намойишлар, митинглар)да иштирок этмаслик;
- жиноят содир этишга мойил бўлган шахслар билан алоқа ўрнатмаслик;
- маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик ҳамда Тошкент вилоят ҳудудидан ташқарига чиқмаслик.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш билан боғлиқ жиноятни содир этганликда айбланаётган ўзбекистонлик Омонбек Юсупов Бакудан Тошкентга экстрадиция қилинганди.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь