Мирзиёева БМТ вакили билан аёлларга оиладаги зўравонлик масаласини муҳокама қилди
Жамият
−
17 Март 2023
6022Ўзбекистонда оилавий зўравонликнинг оқибатлари эмас, аксинча, сабаблари билан курашиш зарур. Бу ҳақда мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қизи – Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича мудири Саида Мирзиёева БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска билан учрашувда маълум қилди.
Учрашувда жамиятнинг энг оғриқли масалаларидан бири – оилалардаги зўравонликни криминаллаштириш ва бундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган, ҳозирда Олий Мажлис муҳокамасидаги тегишли қонун лойиҳаси борасида фикр алмашилган.
“Мен доим гендер зўравонликнинг сабабларини тушунишга, излашга ҳаракат қиламан, чунки фақатгина унинг туб моҳиятини англаш, бундай ҳодисалар нега содир бўлишини билиш орқали унинг илдизига болта уриш, бундай шафқатсизликни бартараф этиш мумкин, деб ўйлайман. Шу нуқтаи назардан, Димовска хонимга оилавий зўравонликнинг оқибатлари эмас, аксинча сабаблари билан курашиш зарурлиги борасидаги мулоҳазаларим билан бўлишдим”, деб ёзган Саида Мирзиёева ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Учрашувда, шунингдек, хотин-қизларнинг иқтисодий салоҳиятини ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратиш режаларини муҳокама қилинган.
Жавоҳир Қадамов