Мирзиёев Жаҳон банки вице-президентини қабул қилди
Жамият
−
01 Октябрь
4264Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 30 сентябрь куни Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Антонелла Бассанини қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, Жаҳон банки гуруҳи билан стратегик ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда ушбу етакчи халқаро молия институти томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган. Учрашув аввалида вице-президент Антонелла Бассани давлат раҳбарига Жаҳон банки президенти Ажай Банганинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказган. Суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорлик бугунги юксак даражага етгани ва самарали тус олгани чуқур мамнуният билан қайд этилган.
Таъкидланишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон банкнинг энг йирик ҳамкорлари қаторига кирди –лойиҳалар портфели бир неча баробар кўпайиб, ҳозирги кунда 12 миллиард доллардан ошди. Жаҳон банки иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа барқарорлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотларни амалга оширишда кўмаклашмоқда. Жорий йилнинг июль ойидан Тошкент шаҳрида банкнинг минтақавий ваколатхонаси фаолият бошлади.
“Камбағалликка қарши курашиш, давлат корхоналари ва банкларини трансформация қилиш, карбонсизлаштириш, ЖСТга аъзо бўлишни қўллаб-қувватлаш ва бошқа йўналишлар ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.
Ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва урбанизация, энергетика ва ирригация инфратузилмасини модернизация қилиш дастурларига, хусусий секторни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, минтақавий лойиҳаларни илгари суриш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
LiveБарчаси