Мирзиёев ва Жапаров тор доирада учрашув ўтказди
Жамият
−
18 Июль
3256Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда икки мамлакат ҳамкорлигининг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат аввалида Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий қутлар экан, кейинги йилларда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган кўп қиррали ҳамкорликни тубдан кенгайтириш учун яхши замин яратилганини алоҳида таъкидлади.
Ушбу ташриф доирасида кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисида Қўшма баёнот имзоланиши икки томонлама муносабатларни янада юқори даражага олиб чиқишга ўзаро интилишдан далолат бўлиши қайд этилди.
Парламентлар, ҳукуматлар, ташқи сиёсат ва тармоқ идоралари даражасидаги мулоқотлар натижадорлигини ошириш, халқаро ва минтақавий майдонлар, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон савдо ташкилоти, минтақа давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари, “Марказий Осиё плюс” форматлари доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.
Ҳамкорликнинг янги иқтисодий кун тартибини шакллантириш муҳимлиги қайд этилди.
“Товар айирбошлаш ҳажмини яқин йилларда 2 миллиард долларга етказиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш долзарб экани кўрсатиб ўтилди. Куни кеча ўтган бизнес форуми муваффақиятли бўлди, якунида янги келишувлар тўплами қабул қилинди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, бу галги ташриф доирасида қайта тикланувчи энергия манбалари, автомобилсозлик ва тўқимачилик соҳаларида кооперация лойиҳалари ишга туширилади. Стратегик аҳамиятга эга минтақавий лойиҳаларни, жумладан, “Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон” темирйўли ва Қамбарота ГЭС-1 қурилишини тез фурсатда амалга ошириш масалаларига устувор эътибор қаратилди. Транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантириш бўйича янги лойиҳа таклифлари кўриб чиқилди.
Президентлар ҳудудлараро ҳамкорликни, жумладан, Чегараолди вилоятлар ҳокимлари кенгаши доирасида янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, қишлоқ ва сув хўжалиги, экология, хавфсизлик ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Маданий-гуманитар алмашинув фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Бу ҳафта мамлакатимизда Қирғизистон маданияти кунлари ўтказилмоқда. Куни кеча Самарқандда иккинчи Ректорлар форуми муваффақиятли ўтказилди. Томонлар келгуси йилларга мўлжалланган маданий тадбирлар тақвимини тайёрлашга келишиб олдилар.
Давлат раҳбарлари минтақавий кун тартибидаги томонларни қизиқтирган масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
LiveБарчаси