Келаси йили ҳар бир вилоятда ягона миграция маркази очилади
Жамият
−
12:23 797 3 дақиқа
Келаси йили Ўзбекистондаги ҳар бир вилоятда ягона миграция маркази очилади. Бу ҳақда бугун, 2 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган йиғилишда вилоят ҳокимларининг биринчи ўринбосарларига топшириқ берди.
Қайд этилишича, Европа Иттифоқи илк бор Марказий Осиёдан мутахассисларни жалб этиш масаласини миграция стратегиясига киритган. Президент бу имкониятлардан фойдаланишда элчи, ҳоким ва техникумларнинг ўрни сезилмаётганини қайд этган.
Масалан, Буюк Британияда 33 минг ишчи кучига эҳтиёж бор. Бироқ ҳозиргача ушбу мамлакатга асосан қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишларга фуқаролар юборилмоқда. Тиббиёт, логистика ва саноат соҳаларида иш берувчилар билан аниқ келишувлар йўқлиги, “Ёшлар мобиллиги” дастурида иштирок этиш масаласи ҳал этилмагани кўрсатиб ўтилган. Италия билан ҳам меҳнат миграцияси имкониятларини кенгайтириш бўйича келишув бор, лекин бу имконият ишга солинмаяпти.
Президент чет тилларини билиш хорижда юқори даромадли иш топишнинг асосий шартларидан бири эканига эътибор қаратган. Мамлакатда инглиз тилини пухта ўрганиб, сертификат олган 200 мингга яқин ёш бор. Шу билан бирга, АҚШ, Канада, Австралия, Янги Зеландия, Швеция ва Данияда уларнинг ишлаши учун йўл очиш бўйича ишлар етарли эмас.
Германиядан жорий йилнинг ўзида 45 минг мутахассисга буюртма келиб тушган, аммо атиги 2 минг киши ишга жойлашган. Асосий сабаб – немис тилини биладиган кадрлар етишмаслиги. Шу боис, касбга ўқитиш билан тил тайёргарлигини бирга олиб бориш зарур.
Германиянинг “Globogate” компанияси билан ҳамкорликда республикадаги 20 та тиббиёт техникумида йилига 1,5 минг ҳамшира тайёрланмоқда. Қаршидаги Илғор касбий маҳорат техникумида германиялик ўқитувчилар ёшларга немис тили ва касб ўргатмоқда.
Президент хорижлик иш берувчиларнинг буюртмаларини техникумлардаги таълим билан боғлаш, ёшларни ишга жойлашиш учун зарур тил ва амалий кўникмаларга мақсадли тайёрлаш муҳимлигини таъкидлаган.
Андижонда тадбиркор бўш турган техникумни таъмирлаб, Германиядан ўқитувчи жалб қилган ҳолда йилига 1,5 минг мутахассис тайёрлаяпти. Президент бундай тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам кенгайтириш, ҳар бир вилоятдаги 2-3 та техникумда касб билан бирга немис тилини ўргатиш зарурлигини таъкидлаган.
Германиянинг “Telk” компанияси “Интил” халқаро ўқув марказида 100 нафар немис тили ўқитувчисини тайёрлашни бошлаган. Келаси йил бошидан уларни ҳудудлардаги техникумларга жалб қилиш вазифаси қўйилган.
Йиғилишда вилоят ҳокимларининг биринчи ўринбосарларига “Интил” халқаро ўқув маркази тажрибасини ўрганиб, келаси йили ҳар бир ҳудудда ягона миграция марказини очиш топширилган. Бу мақсадда ҳар бир вилоятга 8 миллиард сўмдан ажратилади. Келаси йил 10 минг кишини касб ва немис тилига ўргатиб, Германияда ишга жойлаштириш белгиланган.
“Ёшларга инглиз тилини қандай ўргатаётган бўлсак, немис тили бўйича ҳам шундай ёндашув керак”, дейди Президент.
Шу мақсадда келаси йил мактаб ва техникумларда немис тилидан дарс бериш учун 500 нафар тил эгаси жалб қилинади. Олий таълим муассасаларида немис тили ўқитувчиларини тайёрлаш бўйича давлат буюртмасини келаси ўқув йилидан икки карра ошириш топширилган.
Германия, Япония ва Кореянинг йирик компаниялари ўзларига зарур мутахассисларни Ўзбекистон техникумларида тайёрлашга қизиқиш билдирмоқда. Улар ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, таълим муассасаларини жиҳозлашга сармоя киритишга ҳам тайёр. Президент бир ойда 20 та техникумни танлаб, келгуси йилдан уларни хорижлик иш берувчилар талаби асосида кадр тайёрлашга мослаштиришни топширган.
Live
Барчаси01 Ноябрь
01 Ноябрь