Мирзиёев ва Путин иттифоқчиликни чуқурлаштириш бўйича қўшма баёнот қабул қилди
Жамият
−
06 Октябрь 2023
7070Россия пойтахти Москва шаҳрида бўлиб ўтган Россия-Ўзбекистон музокаралари якунлари бўйича икки мамлакат Президентлари Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, анжуманда Россия Президенти Владимир Путин Россия-Ўзбекистон музокаралари якунлари бўйича қабул қилинган қўшма баёнот икки давлат ўртасидаги сиёсий, савдо ва сармоявий, шунингдек, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликка қўшимча туртки беришини қайд этган.
“Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштириш бўйича қабул қилинган қўшма баёнот сиёсий, савдо-инвестисиявий, маданий-гуманитар соҳаларда, хавфсизлик, жумладан, биологик ва ахборот хавфсизлиги соҳаларида қўшма тадбирларга қўшимча туртки беришга қаратилган”, деган Россия раҳбари.
Ўзбекистон Президенти эса мазкур келишувлар бўйича йўл харитаси имзоланиши ва унинг ижроси қаттиқ назоратга олинишини билдирган.
“Бугун биз тор доирада ҳам, кенгайтирилган шаклда ҳам келишиб олган бўлсак, буларнинг барчаси бўйича қўшма йўл харитасини қабул қиламиз, уни ҳам имзолаймиз, ҳам қаттиқ назоратга оламиз, чунки биз жуда жиддий масалаларни муҳокама қилдик ва яхши пойдевор ва яхши истиқболлар бор. Назорат бўлса, ҳақиқий натижа бўлади”, деган Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон етакчиси россиялик мавқедошини ўзи учун қулай бўлган вақтда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф қилган.
Кремль сайтида Россия-Ўзбекистон музокаралари якунлари бўйича Президентларнинг қўшма баёноти ҳам эълон қилинди.
Ҳужжатда келтирилишича, икки мамакат ўртасида мудофаа соҳасида ўзаро ҳамкорликни, ҳарбий-техник соҳадаги ҳамкорликни амалдаги ва келажакдаги келишувлар асосида ривожлантириш бўйича ишлар давом эттирилади.
Шунингдек, унда терроризм, экстремизм, гиёҳванд моддалар, қурол-яроғ, ўқ-дорилар ва портловчи моддаларни ноқонуний ҳимоя қилиш, трансчегаравий уюшган жиноятчилик, одам савдоси ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш мавзуси Москва ва Тошкентнинг диққат марказида бўлиши белгиланган.
Баёнотда “халқаро муносабатларда суверен давлатларда ҳокимиятнинг конститусияга зид равишда ўзгаришини қўллаб-қувватлашга йўл қўйиб бўлмайдиган ҳаракатлар, шу билан бирга, учинчи кучларнинг сиёсий ва иқтисодий босим ўтказиш мақсадида иккитомонлама ва минтақа ичидаги ишларга аралашишга уринишлари қабул қилиниши мумкин эмаслиги” таъкидланган.
“Томонлар давлатлар ўртасидаги низоларни оппортунистик сиёсий манфаатлар йўлида ҳал қилишнинг халқаро механизмларини суиистеъмол қилиш тенденциясини қоралайдилар ҳамда халқаро адлия ва халқаро назорат органлари ўз фаолиятини халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган тамойиллари ва нормаларини бузган ҳолда амалга оширишига қарши чиқадилар”, дейилган баёнотда.
Россия ва Ўзбекистон, шунингдек, айрим давлатларнинг ўз хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ҳар қандай уринишларни ҳисобга олган ҳолда, халқаро хавфсизлик архитектурасини ажралмаслик, ҳудудий яхлитлик, ҳақиқий тенглик ва манфаатларни ўзаро ҳисобга олиш тамойиллари асосида мустаҳкамлашга кўмаклашишда давом этиш ниятини билдирган. Давлатларнинг ўз хавфсизлигини таъминлаши бошқаларнинг хавфсизлиги ҳисобига бўлмаслиги таъкидланган.
“Томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва хавфсизлик соҳаларида ноҳақ рақобат ва хавф-хатарлардан ҳимоя қилиш бўйича мувофиқлаштирилган чораларни кўриш ниятида”, дейилган ҳужжатда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва РФ етакчиси Владимир Путин ўртасида тор доирадаги музокаралар бўлиб ўтган эди. Унда турли долзарб масалалар кун тартибига чиқди, жумладан, икки давлат ўртасидаги савдо-содиқ муносабатларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилганди.
Жумладан, Владимир Путин Ўзбекистон билан алоқаларга тўхталар экан, Москва Тошкентнинг ишончли савдо ҳамкорлари орасида биринчи ўринни эгаллаб турганини таъкидлаб ўтган эди.
Бундан ташқари, Россия октябр ойидан Ўзбекистонга газ етказиб беришни бошлаши ҳам Путин томонидан маълум қилинганди.
LiveБарчаси