Мирзиёев ва Эрдўған биринчи хонимлар билан Хива зиёратида (фоторепортаж)
Жамият
−
30 Март 2022
9227Аввал хабар берганимиздек, бугун, 30 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳамда Биринчи хонимлар Зироат Мирзиёева ва Эмине Эрдўған Хивадаги Ичан қалъага ташриф буюрди.
Маълум бўлишича, меҳмонлар Ичан қалъадаги Ота дарвоза, Кўк минора, Кўҳна арк саройи ва мадрасалар, ҳунармандлик расталарини кўздан кечирди. Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, Жума масжиди зиёрат қилинди.
“Маълумки, икки етакчининг ҳам тарихга қизиқиши, ҳурмати баланд. Давлатимиз раҳбари Туркияга ташрифи чоғида Истанбулдаги Топкапи саройини бориб кўрган эди. Ражаб Тойиб Эрдўған илгари юртимизга келганида Бухорони зиёрат қилган”, дейилади Президент Матбуот хизмати хабарида.
Қайд этиш керакки, бу қалъа Марказий Осиёда сақланиб қолган бирдан-бир бутун бошли шаҳар-ёдгорликдир. Унинг “очиқ осмон остидаги музей” дея эътироф этилиши шундан. Бу ерда 120 дан зиёд меъморий обидалар бор.
Хива шаҳри 1990 йил 12 декабрда UNESCO Маданий мерос рўйхатига киритилган. 1997 йилда шаҳарнинг 2500 йиллик юбилейи нишонланган.
Бу узун тарих давомида Хива кўплаб туркий давлатларнинг маркази бўлган. У 2020 йилда Турксой халқаро ташкилоти томонидан Турк дунёсининг маданий пойтахти, деб эълон қилинган.
Шу жиҳатдан, Ўзбекистон ва Туркия Президентларининг бу қадимий шаҳарга ташрифи катта маънога эга.
Давлат раҳбарлари ҳунармандлар, сайёҳлар билан самимий суҳбатлашган. Хоразмча қўшиқ ва рақслар ижроси барчага кўтаринки кайфият бахш этган.
Хиванинг давлатчилик ва илм-фан ривожида тутган ўрни, қадимий обидалари ва санъати туркиялик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
LiveБарчаси