Мирзиёев ва Эрдўған бир-бирини Рамазон ҳайити билан табриклади
Жамият
−
09 Апрель
3392Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 9 апрель куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда бутун мусулмон уммати учун муқаддас Рамазон ҳайити билан бир-бирини самимий табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбарлари қардош Ўзбекистон ва Туркия халқларига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилаган.
“Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари ҳам кўриб чиқилди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, суҳбат давомида икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорлик жадал тус олгани, фаол сиёсий мулоқот олиб борилаётгани, савдо-иқтисодиёт ва инвестиция соҳаларидаги алоқалар суръати ошиб бораётгани, самарали маданий-гуманитар алмашинувлар давом этаётгани мамнуният билан қайд этилган.
Икки мамлакат етакчи корхона ва компанияларининг кооперация лойиҳаларини илгари суриш, ҳудудлар даражасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Бўлажак тадбирлар режаси, шу жумладан олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш масаласи кўриб чиқилган.
Ўзбекистон ва Туркия етакчилари минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашган.
Бундан ташқари, муборак Рамазон ҳайити муносабати билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари, таниқли жамоат ва дин арбобларидан табрикномалар келётгани маълум қилинди.
Қайд этилишича, Мирзиёевга йўлланган қутловларда хорижий ҳамкорлар Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилакларини изҳор этиб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни бундан буён ҳам ҳар томонлама ривожлантириш ва мустаҳкамлашга интилишини билдирмоқда.
Жумладан, қуйидагилар ўз табрикларини йўллаган:
- Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд;
- Саудия Арабистони Валиаҳди, Вазирлар Маҳкамаси Раиси Муҳаммад ибн Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд;
- Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев;
- Қозоғистон Республикасининг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев;
- Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров;
- Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон;
- Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов;
- Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов;
- Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев;
- Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған;
- Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси;
- Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий;
- Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён;
- Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири, Дубай амирлиги ҳокими Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум;
- Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири ўринбосари, Президент ишлари бўйича вазири Шайх Мансур бин Зоид ол Наҳаён;
- Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний;
- Қатар Давлати Амири ўринбосари Шайх Абдуллоҳ бин Ҳамад Ол Соний;
- Кувайт Давлати Амири Шайх Навоф ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ;
- Марокаш Подшоҳи Муҳаммад VI;
- Баҳрайн Подшоҳи Шайх Ҳамад бин Исо Ал Халифа;
- Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II;
- Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ал Саид;
- Сурия Араб Республикаси Президенти Башар Асад;
- Ироқ Республикаси Президенти Абдуллатиф Жамол Рашид;
- Бруней Доруссалом Давлати Султони Ҳассанал Болкиях;
- Фаластин Давлати Президенти Маҳмуд Аббос;
- Кувайт Давлати валиаҳди Мишаал ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ;
- Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа;
- Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев;
- Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Ҳусрав Нозирий;
- Кавказ мусулмонлари идораси раиси шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода.
Таъкидланишича, Президент номига қутловлар келишда давом этмоқда.