Мирзиёев ва Абдулфаттоҳ ас-Сиси бир-бирини Қурбон ҳайити билан қутлади
Жамият
−
28 Июнь 2023
4455Бугун, 28 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Миср раҳбари Абдулфаттоҳ ас-Сиси ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди.
Давлат раҳбарлари бир-бирини Қурбон ҳайити байрами билан самимий қутлаган ҳамда Ўзбекистон ва Миср халқларига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилакларини билдирган.
Шунингдек, жорий йилнинг февраль ойида Қоҳирага олий даражадаги расмий ташриф чоғида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Мунтазам ва самарали мулоқотлар туфайли Ўзбекистон билан Миср ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорлик муносабатлари аниқ мазмун билан бойиб бораётгани қайд этилган.
Бундан ташқари, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, икки мамлакат етакчи компаниялари иштирокидаги қўшма инвестиция лойиҳалари ва саноат кооперацияси дастурларини илгари суриш бўйича чоралар кўриш масалалари муҳокама қилинган.
Ўзбекистон ва Миср етакчилари маданий-гуманитар алмашинувни янада фаоллаштириш муҳимлигини ҳам таъкидлаган. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар ҳам кўриб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20-21 февраль кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Миср пойтахти Қоҳира шаҳрига борганди. Давлат раҳбарини Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси кутиб олди. Қоҳирадаги “Ал-Иттиҳодия” саройида икки давлат етакчиларининг музокаралари бўлиб ўтди.
LiveБарчаси