Мирзиёев Ўрта коридорни Трансафғон йўлаги билан боғлашни қўллаб-қувватлади
Жамият
−
07 Октябрь 3832 3 дақиқа
Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 7 октябрь Туркий давлатлар ташкилотининг Габала саммитида туркий дунёнинг бирдамлигини мустаҳкамлаш, жаҳон сиёсати, иқтисодиёти ва гуманитар соҳадаги ролини оширишга қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Ўзбекистон етакчиси минтақавий ва глобал хавфсизлик масалалари бўйича ёндашувларни мувофиқлаштириш мақсадида Самарқандда ТДТ ташқи ишлар вазирлари ва махсус хизматлари раҳбарларининг биринчи қўшма учрашувини ўтказишни таклиф этди.
Шунингдек, у Стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлик тўғрисидаги шартномани тез фурсатда қабул қилишни қўллаб-қувватлади ва Туркий давлатлар ташкилотини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқди.
Бундан ташқари, Президент Мирзиёев Туркий давлатларнинг иқтисодий шериклик бўйича Доимий кенгашини тузиш ва унинг Лойиҳа офисини Тошкентда жойлаштиришни таклиф этди.
Ўзбекистон раҳбари Янги иқтисодий имкониятлар маконини шакллантириб, Туркий давлатларнинг Саноат альянси, “Туркий яшил йўлаклар” тизими ва “Яшил трансформация” консорциумини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. У органик қишлоқ хўжалиги бўйича Экспертлар гуруҳини ташкил этиш ва туркий органик маҳсулотларнинг ягона брендини жаҳон бозорига олиб чиқишни таклиф қилди.
Шу билан бирга, Ўрта коридорни ривожлантириш ва уни Хитой – Қирғизистон - Ўзбекистон темирйўли ҳамда Трансафғон йўлаги лойиҳалари билан боғлашни қўллаб-қувватланди, божхона тартиботини рақамлаштириш ва тарифларни оптималлаштириш муҳимлигини таъкидланди.
Туркий инвестиция жамғармаси фаолиятини кенгайтириш ҳамда халқаро ва миллий молия институтлари билан ҳамкорлик дастурини қабул қилишни тавсия этилди.
Президент сунъий интеллект ва креатив иқтисодиёт бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилиш ва Туркий дунё халқаро кўргазмасини Ўзбекистонда ўтказиш ғоясини илгари сурди. Шунингдек, Ўзбекистонда қўшма тадқиқотлар ва инновациялар майдонига айланадиган Туркий давлатлар халқаро университети ташкил этилишини эълон қилинди.
Мирзиёев экстремистик ва радикал мафкурага қарши курашиш бўйича ҳаракатлар режаси ва ёшларнинг экологик саводхонлигини ошириш бўйича қўшма чора-тадбирлар ишлаб чиқишни таклиф этди. Президент 2026 йилда “Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ижоди – Туркий дунё маънавий ҳаётида” мавзусида халқаро конференцияни ўтказиш ташаббусини илгари сурди.
Қайд этиш жоиз, ТДТ майдонида Ўзбекистон транспорт ва логистика бўйича ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, хусусан, Марказий Осиё, Кавказ ва Европани боғлайдиган Ўрта (Транскаспий) транспорт йўлагини ривожлантириш ғояларини ҳам изчил илгари сурмоқда. Ушбу йўналиш ТДТнинг расмий ҳужжатларида иқтисодий интеграциянинг устувор йўналишларидан бири сифатида тилга олинмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ТДТ сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди – у энди оддий маслаҳатлашув тузилмасидан реал амалий мақсадларига эга бўлган сиёсий, иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликнинг кўп томонлама механизмига айланди.
ТДТнинг мустақил минтақавий куч маркази сифатидаги роли кучайиб бораётгани шароитида Ўзбекистон яна бир бор иқтисодий шерикликни чуқурлаштириш, транспорт алоқаларини ривожлантириш ва туркий дунё бирлигини мустаҳкамлашга қаратилган аниқ ташаббусларни илгари сурмоқда.
Ўзбекистон туркий бирдамлик рамзларда эмас, балки аниқ ишларда – минтақада барқарорлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлайдиган қўшма лойиҳалар, инвестициялар, инфратузилма ва билим алмашишда ифодаланиши керак, деган қатъий ишончдан келиб чиқиб ҳаракат қилмоқда.
Live
БарчасиЗеленский Германия Президенти билан учрашди
15 Декабрь