Мирзиёев ва Бердимуҳамедов тор доирада учрашди. Президентлар нималарни муҳокама қилди?
Жамият
−
14 Июль 2022
7698Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов бугун, 14 июль куни расмий кутиб олиш маросимидан кейин “Кўксарой” қароргоҳида тор доирада учрашув ўтказди.
Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий қутлар экан, ушбу учрашув Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклик муносабатлари тарихида янги саҳифа очишига ишонч билдирди.
“Улар замирида азалдан мустаҳкам дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч ва ўзаро қўллаб-қувватлаш ришталари ётади”, деган Президент Мирзиёев.
Ўзбекистон етакчиси Туркманистон Президентини жорий йил март ойида ўтган Президент сайловидаги ғалабаси билан яна бир бор табриклаган.
“Донишманд туркман халқи мамлакатдаги кенг кўламли ислоҳотлар давом эттирилишини тўлиқ қўллаб-қувватлаб, сизга ўз келажагини ишониб топширди. Сизнинг билим ва тажрибангиз, куч-ғайратингиз ва етакчилик қобилиятларингиз кўзланган барча режаларни рўёбга чиқаришга хизмат қилишига шубҳа йўқ”, деган Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг икки давлат ўртасидаги муносабатларда юксак даражага эришишга ва Марказий Осиё минтақасида яхши қўшничиликни мустаҳкамлашга қўшган беқиёс ҳиссасини қайд этган.
Шавкат Мирзиёев кейинги йилларда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли икки томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишларида ижобий суръатга эришилганини мамнуният билан таъкидлаган.
“Шуни қайд этмоқчиманки, биз учун Туркманистон – минтақадаги ишончли ва муҳим ҳамкор. Бизнинг кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантириш борасидаги интилишимиз қатъий, энг яқин қўшнимиз билан стратегик шериклик муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш ниятидамиз”, деган Ўзбекистон раҳбари.
Туркманистон Президенти меҳмондўстлик ва самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг саломини етказган.
“Сиз Гурбангули Мяликгулиевич билан биргаликда икки томонлама муносабатларнинг пойдеворини қурдингиз ва мустаҳкамладингиз, ҳамкорликнинг пухта сиёсий ва ҳуқуқий асосини яратдингиз. Бу галги давлат ташрифимиз стратегик шерикликка янги суръат бағишлашга қаратилган ва мен қўйилган мақсадларга эришишимизга ишонаман”, деган Сердар Бердимуҳамедов.
Учрашув чоғида давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Туркманистон ҳамкорлигининг истиқболларини муҳокама қилган, алоҳида эътибор савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, ўзаро савдони кўпайтириш, саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга ошириш, транспорт-транзит имкониятларидан фойдаланишга қаратилган.
Томонлар ҳудудлараро ҳамкорликни йўлга қўйишда улкан салоҳият мавжудлигини қайд этган.
Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилган. Марказий Осиёда қарор топган ишонч, яхши қўшничилик ва шериклик муҳитини мустаҳкамлаш муҳим экани таъкидланган.
Сердар Бердимуҳамедов Ўзбекистон Президентини ўзига қулай вақтда Туркманистонга жавоб ташрифи билан келишга таклиф этган.