Мирзиёев Туркия элчихонасига бориб, таъзия билдирди
Жамият
−
09 Февраль 2023
6392Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 9 февраль куни Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонасига борди.
Маълумки, 6 февраль куни Туркиянинг жануби-шарқий элларида юз берган кучли зилзилалар вайронкорлиги билан бутун дунёни ларзага солди. Ўзбек халқи ҳам офат оқибатларини қалбига яқин олиб, чуқур қайғу ва ҳамдардлик ҳиссини туйди.
Давлат раҳбари ўша куниёқ қардош Туркия халқига ва Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга ҳамдардлик билдирган эди. Зилзила оқибатларини бартараф этишда кўмаклашиш учун Ўзбекистондан бир неча гуруҳ қутқарувчилар Туркияга юборилди. Шунингдек, гуманитар ёрдам юклари мунтазам жўнатиб турилибди.
Президент Мирзиёев бугун Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонасига бориб, қардош халққа яна бир бор ҳамдардлик билдирди. Парвардигордан марҳумларни ўз раҳматига олишини, уларнинг оиласи ва яқинларига сабр-тоқат ва бардамлик беришини сўради. Жароҳат олган инсонлар тез фурсатларда соғайиб кетишини тилади.
Ўзбек ва турк халқлари яхшию ёмон кунларда ҳамиша бирга бўлган, бир-бирини қўллаб-қувватлаган. Бу дўстлик, қардошлик ва ўзаро елкадошлик ҳозиргидай оғир кунларда янада билинади.
Мирзиёев Ўзбекистон барча зарур ёрдамга тайёрлигини билдирган. Элчихонада очилган ҳамдардлик китобига тасалли сўзларни ёзиб қолдирган.
LiveБарчаси