Мирзиёев Тўқаевни Ўзбекистонга таклиф қилди
Олам
−
08 Август
2083Бугун, 8 август куни Оқўрда қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Мажлис давомида Президент Мирзиёев бир қатор устувор вазифаларни кўрсатиб ўтди. Жумладан, халқаро тузилмалар доирасида позицияларни мувофиқлаштириш ва умумий манфаатларни самарали илгари суриш муҳимлиги таъкидланди. Мулоқотлар натижадорлигини ошириш, Парламентлараро форумни таъсис этиш, Экспертлар кенгашининг қизғин ишини давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Товар айирбошлаш ҳажмини яқин йилларда 10 миллиард долларга етказиш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди. Шу мақсадда ой охиригача алоҳида дастур қабул қилинади. Бунда бозорларни ўзаро шакллантириш, мавжуд чекловларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилади. Халқаро саноат кооперацияси марказини ишга туширишни жадаллаштириш ва истиқболли лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун қўшма жамғарма ташкил этиш масаласини ўрганишга келишиб олинди.
Шунингдек, энергетика қувватлари ва инфратузилмасини қуриш, муқобил энергия манбаларини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга тайёрлик билдирилди. Йирик минтақавий лойиҳаларни, энг аввало, Қамбарота ГЭС қурилишини тайёрлаш ишлари жадаллаштирилади. Бундан ташқари, таълим соҳасида бугун икки мамлакатдаги етакчи олий таълим муассасалари - Олмаотада Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳамда Чирчиқда Мухтор Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон университети филиаллари фаолияти йўлга қўйилади.
Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев Қосим-Жомарт Тўқаевни Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи мажлисини ўтказиш учун Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф этди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Қозоғистон 7 миллиард долларлик сармоявий лойиҳалар ва савдо шартномаларини амалга оширишга келишиб олгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси