Мирзиёев Тўқаев билан кескин геосиёсий вазиятдаги ҳамкорликни муҳокама қилди
Жамият
−
03 Март 2022
6831Бугун, 3 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Ўзбекистон-Қозоғистон дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Икки мамлакат етакчи корхоналарининг, энг аввало, савдо, энергетика, машинасозлик, кимё, қурилиш, тармоқлари, транспорт ва логистика соҳаларида кооперация лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шу муносабат билан олий даражадаги келишувларга мувофиқ қўшма иқтисодий лойиҳалар ва маданий-гуманитар дастурларни илгари суриш борасида ҳукуматлар даражасида мунтазам ва самарали мулоқотлар олиб борилаётгани ижобий баҳоланди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчилари халқаро кун тартиби ва минтақавий ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Қозоғистон Президенти Матбуот хизматининг маълум қилишича, икки мамлакат етакчилари геосиёсий вазиятнинг ҳозирги кескинлашуви шароитида савдо-иқтисодий алоқалар ҳолатини атрофлича муҳокама қилган.