Мирзиёев Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманига борди (фото)
Жамият
−
12 Май 2023
14370Президент Шавкат Мирзиёев аҳолининг турмуш шароитлари, бунёдкорлик ишлари билан танишиш мақсадида Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари дастлаб “Самарқанд дарвоза” маҳалласида барпо этилган касбга йўналтириш марказида бўлган.
Қайд этилишича, бу ерда ёшлар ва аёлларга савдо, маркетинг, молия, ахборот технологиялари соҳаларидаги замонавий касблар ўргатилади. Кейинчалик уларнинг юқори даромадли иш топишига ҳам кўмаклашилади. Марказ атрофи ободонлаштирилган, ишкомлар ўрнатилиб, токлар экилган.
Шу ерда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари тақдимот қилинган. Шунингдек, Шайхонтоҳур туманида 51 та маҳалла борлиги, салоҳияти юқори тадбиркорлар 100 дан зиёдлиги келтириб ўтилган. Шартнома асосида уларга маҳаллалардаги ишсизлар бириктирилмоқда. Унга кўра, давлат шароит яратади, тадбиркорлар аҳолини касбга ўқитиб, иш билан таъминлайди.
“Бу икки томонлама манфаатли. Ҳозир кўп тадбиркорлар фаолиятини кенгайтирмоқчи, ҳаммага малакали ишчи керак. Мақсадимиз - корхоналар амалий мономарказга айланиб, соҳага мутахассис тайёрласин. Бунинг учун давлат инфратузилма, молия, солиқ бўйича енгилликлар беради. Иш ўринлари кўпайгани, аҳолининг харид қобилияти ошгани ҳисобидан бу пул пировардида иқтисодиётга қайтиб тушади. Энг муҳими, бу амалиёт ёшлар учун фақат иш ўрганиш эмас, ҳаёт мактаби бўлади”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Тақдимотда Шайхонтоҳурнинг туризм салоҳиятини ишга солиш бўйича таклифлар ҳам кўриб чиқилган. Пойтахт туманлари ҳокимлари Жанубий Корея, Сингапур каби давлатлар тажрибасини ўрганиши зарурлиги таъкидланган.
Шу билан бирга, Президент ушбу марказдаги спорт-соғломлаштириш мажмуасини ҳам кириб кўрган. Унда ёпиқ сув ҳавзаси ва спорт зали мавжуд.
LiveБарчаси