Мирзиёев тикувчи аёллар билан учрашди
Жамият
−
15 Февраль
7015Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 15 февраль куни Андижон вилоятига борди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, Президентнинг вилоятга сафари давомида кўзда тутилган манзиллар ва режалар кўп. Шулардан биринчиси “Асака текстиль” кластерининг тўқимачилик корхонаси бўлди.
Маълум қилинишича, ушбу мажмуа 2022 йил августда ишга туширилган. Бугунги кунда 83 миллион долларлик лойиҳа эвазига хомашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган тўлиқ “занжир” ташкил этилган.
“Асакадаги корхонага Швейцария, Италия, Туркия, Германия, Япониядан ускуналар келтириб ўрнатилган. У йилига 11 минг тонна ип-калава, 8 минг тонна момиқ ва трикотаж мато, 12 минг тонна ип ва матони бўяш, 6 минг тонна тайёр трикотаж ва сочиқ ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу ерда 3 минг 200 киши ишламоқда”, дейилади хабарда.
Шунингдек, корхонада хорижий ҳамкорлар талабига асосан сифат назорати, касб ўргатиш маркази ташкил этилган. Бундан ташқари, бўёқ цехидан чиққан сувни тозалаш иншооти ҳам ишга туширилган.
“Умуман, кластер томонидан 102 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилиб, йиллик 50 миллион долларлик экспорт қуввати яратилган. Бундан 7 йил олдинги ҳолат билан солиштирганда даромад, иқтисодий манфаатдорликдаги фарқ ер билан осмонча. Келгуси йилларда кластер томонидан Улуғнор туманида 70 минг тонна пахта толасини қайта ишлаш заводи, тикув-трикотаж ва пайпоқ ишлаб чиқариш корхонаси ташкил қилиниши режалаштирилган. Уларда яна 1 минг 600 дан зиёд иш ўрни очилади”, дейилади хабарда.
Шу ерда Президентга Андижон вилояти мисолида пахта-тўқимачилик саноатини ривожлантириш концепцияси бўйича ахборот берилган. Қайд этилишича, эндиликда ишлаб чиқариш таннархи 15 фоизга қисқартирилади, 65 фоиз қўшилган қиймат яратилади. Дизайнер ва технологлар мактаби ташкил этилади. Нуфузли брендлар ва ритейлерлар жалб этилиб, тармоқ корхоналари экспорти 800 миллион долларга етказилади.
Давлат раҳбари кластер билан фермерлар ўртасидаги муносабатларда манфаатдорликни ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратган.
“Қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларини ривожлантираяпмиз. Мақсадимиз - ерга нисбатан эътиборни, маҳсулот етиштирадиганлар манфаатини кучайтириш. Соҳанинг қуйи бўғинидаги деҳқон ва фермер ҳам рақобатбардош бўлиши керак”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Президент корхонада ишлаётган тикувчи аёллар билан суҳбатлашди. Уларнинг айримлари ўз туманида юқори маошли иш пайдо бўлгани учун меҳнат мухожирлигидан қайтиб келган.