Шавкат Мирзиёев Швейцарияга борди
Жамият
−
08:32 3509 2 дақиқа
Бугун, 22 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Швейцариянинг Цюрих шаҳрига борди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Цюрих халқаро аэропортида Президентни Бирлашган савдо-саноат палатаси раҳбари Дорит Пробст кутиб олган.
Ташриф дастурига мувофиқ, 22 январь куни Давос шаҳрида Ўзбекистон етакчиси АҚШ Президенти Дональд Трамп ташаббуси билан ташкил этилаётган “Тинчлик кенгаши” низомини имзолаш маросимида иштирок этиши ҳамда қатор икки томонлама учрашувлар ўтказиши кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Давосда “Тинчлик кенгаши” уставини имзолаш маросими бўлиб ўтиши ҳақида хабар берилган эди. Низом лойиҳасига кўра, Трамп органнинг биринчи раиси бўлади ва янги аъзоларни таклиф қилиш бўйича қарорларни шахсан ўзи қабул қилади. Ташкилотнинг доимий аъзоси мақомини олиш учун АҚШ маъмурияти давлатлардан биринчи йил давомида камида 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида бадал тўлашни талаб қилади.
“Bloomberg”нинг қайд этишича, бундай молиявий шароит кўплаб жаҳон етакчиларини ҳайратда қолдирди ва кескин танқидларга сабаб бўлди. Дастлаб кенгаш Ғазо секторини тиклашни назорат қилиш учун ташкил этилган бўлса-да, Низом матни БМТга муқобил бўлиши мумкин бўлган ташаббуснинг кенгроқ ва глобал амбицияларини кўрсатади. Баъзи таклиф қилинган томонлар Трамп раис сифатида янги тузилма маблағлари устидан ягона назоратни қўлга киритиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.
Live
Барчаси